Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради
[Кўчирма]
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Навоий вилоят филиали манфаатида (бундан буён матнда — даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Зилола Ко» МЧЖдан (бундан буён матнда — жавобгар) 5 606 921 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суднинг 2014 йил 26 февралдаги ажрими билан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси даъвогар сифатида ишга жалб этилган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори билан даьво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 1 291 594 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация протестида шартнома бўйича ишларни якунлаш санаси 2014 йил 8 февраль бўлиб, ушбу кундан пеня ҳисобланиши лозим бўлсада, даъвогар даъво аризасида 2013 йил 27 декабрдан 2014 йил 21 февралга қадар пеня ҳисоблаганлиги, биринчи инстанция суди даъво талабини қисман қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган бўлсада, тарафлардан давлат божи ундиришда хатоликка йўл қўйганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини ўзгартириб, қонунга мувофиқлаштириш сўралган.
Судлов ҳайъати прокурорнинг ҳал қилув қарорининг давлат божи ундириш қисмини ўзгартириш ҳақидаги фикрини тинглаб, кассация протестида келтирилган важларни иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда – ФК) 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши шарт.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 2013 йил 27 мартда даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган 384/NavКizGoi-сонли пудрат шартномасига асосан жавобгар 15 та якка тартибдаги уй-жойларни қуриб битказиш ва фойдаланишга топшириш, даъвогар эса бажарилган ишларни қабул қилиш ва тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.
ФКнинг 666-моддасида қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олиши белгиланган.
Бироқ, жавобгар томонидан 100 123 566 сўмлик қурилиш ишлари 2014 йил 8 январга қадар ҳам бажарилмаган, уй-жойлар белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 46.1-бандида пудратчи буюртмачига ишларни якунлашнинг белгиланган муддати билан амалда якунланган вақт ўртасидаги ҳар бир кечиктирилган кунлар учун 0,1 фоизи миқдорида, лекин шартнома қийматининг 10 фоизидан ошмаган ҳолда пеня тўлаши белгиланган.
Даъвогар даъво талабида 100 123 566 сўмлик ишлар жавобгар томонидан бажарилмасдан 2013 йил 27 декабрдан 2014 йил 21 февралга қадар кечиктирилгани учун (100 123 566 х 0,1% х 56 кун) = 5 606 921 сўм пеня ундиришни сўраган. Бироқ, даъвогар пеняни 2014 йил 8 январдан ҳисоблаши лозим бўлсада, 2013 йил 27 декабрдан 2014 йил 21 февралга қадар кечиктирилган кунлар учун ҳисоблаб, хатоликка йўл қўйган.
ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Бу ҳақда, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-қарорининг 4-бандида тушунтириш берилган.
Биринчи инстанция суди даъвогар томонидан пеня миқдори 2014 йил 8 январдан ҳисобланиши лозим бўлса-да, 2013 йил 27 февралдан нотўғри ҳисоблаганлиги учун даъво талабини 4 305 289 сўм пеня ундириш қисмини асосли деб ҳисоблаб, ФКнинг 326-моддасини қўллаб пеняни 1 291 594 сўмга қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган. Бироқ, суд даъво талабини рад этилган қисми бўйича даъвогардан давлат божи ундириб хатоликка йўл қўйган.
Чунки, Солиқ кодексининг 330-моддаси 6-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси давлат божи тўлашдан озод этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2008 йил 18 апрелдаги «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида» ги 180-сонли Пленум Қарорининг 29-бандида агар қонун бўйича хўжалик судига давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек юридик ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсларнинг манфаатларида прокурор, давлат ва бошқа орган томонидан берилган даъво рад этилганида, манфаатлари ҳимоя қилиниб даъво берган шахсдан давлат божи ундирилмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 188-моддасига кўра моддий ва процеесуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати кассация протестини қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорининг – даъвогардан 26 032 сўм давлат божи ундирилсин қисмини бекор қилишни, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
2014 йил 14 июль,
21-1403/961-сон