Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Хўжалик судига якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар, агар тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, тааллуқлидир
[Кўчирма]
«PLC ASIA» МЧЖ тугатиш бошқарувчиси (бундан буён матнда – даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожат қилиб, Эргашев Одил Фазыловичдан (бундан буён матнда – жавобгар) 24 000 000 сўм асосий қарз ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 12 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 24 000 000 сўм асосий қарз ундирилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 8 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган. Иш бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Даъвогар кассация тартибида шикоят билан мурожат қилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра хўжалик судига, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, тааллуқли эканлиги, жавобгар якка тартибдаги тадбиркорлик мақомини йўқотган бўлсада, низо унинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққанлиги, бироқ, апелляция инстанцияси суди процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш ҳақида нотўғри хулосага келганлиги баён этилиб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.
Фарғона вилоят прокуратураси кассация протести билан мурожаат қилиб, унда биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар ўрганилмаганлиги, даъвогарнинг қарздорликни ундириш борасидаги ҳаракатсизлиги, шартномани сақлаш чораларини кўрмаганлиги ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бермаганлиги, апелляция инстанцияси суди эса процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, жавобгарнинг тадбиркорлик мақоми тугаган деган асос билан ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатиш ҳақида барвақт хулосага келганлиги баён этилиб, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикояти ва кассация протестида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра қарорни бекор қилишни ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун апелляция инстанцияси судига юборишни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, жавобгарга деҳқон хўжалиги (чорвачилик) фаолиятини амалга ошириши учун юридик шахс бўлмасдан ташкил этилган деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида 1044-сонли гувоҳнома берилган, гувоҳноманинг амал қилиш муддати 2012 йил 6 октябрга қадар белгиланган.
Даъвогарнинг банк ҳисобрақамидаги айланмасидан кўчирмага кўра 2010 йил 16 июлда даъвогар томонидан жавобгарнинг ҳисоб рақамига 2010 йил 6 июлда тузилган молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномага асосан 24 000 000 сўм ўтказиб берилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-372-сонли Қонуни 15-моддасининг 2-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда – ХПК) 23-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилган. «Хўжалик судига шунингдек якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар, агар тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, тааллуқлидир».
Шу боис, даъвогар жавобгардан 24 000 000 сўм қарздорликни ундириш ҳақида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Бироқ, апелляция инстанцияси суди процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри талқин қилган ҳолда, низо жавобгарнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққанлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатиш ҳақида барвақт хулосага келган. Гарчанд, жавобгарга деҳқон хўжалиги (чорвачилик) фаолиятини амалга ошириши учун берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати ХПКнинг 23-моддасига қўшимча киритилгунга қадар тугаган бўлсада, даъво аризаси ушбу қўшимча киритилганидан кейин хўжалик судига тақдим этилган. Демак мазкур низо хўжалик суди судловига тааллуқлидир.
Ваҳоланки, ХПК 23-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади), юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар хўжалик судига тааллуқлидир.
ХПКнинг 188-моддасига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Қайд этилганларга кўра судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 8 октябрдаги қарорини бекор қилишни ва ишни кўриб чиқиш учун апелляция инстанцияси судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда апелляция инстанцияси суди юқорида қайд этилган ҳолатларни муҳокама қилиб, ҳал қилув қарорининг қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган қарор қабул қилиши лозим бўлади.
2014 йил 10 декабрь,
15-1404/10675-сон