Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига қабул қилинган бўлса, ўша тараф ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда — Палата) ҳузуридаги ҳакамлик судининг 2014 йил 30 июндаги ХС-28А-2014-сонли ҳал қилув қарори билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармасининг ОАТБ «Микрокредитбанк» Навоий вилоят бўлими (бундан буён матнда — Банк) манфаатида киритган даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят худудий бошқармаси Банк манфаатида хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, ҳакамлик судининг 2014 йил 30 июндаги ҳал қилув қарорини ижрога қаратиш учун ижро варақаси беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 20 августдаги ажрими билан ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза қайтарилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида суд томонидан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар аниқланмаганлиги сабабли суд ажримини бекор қилиб, аризани қаноатлантириш сўралган.
Суд мажлисида иштирок этган Палата вакили кассация шикоятида келтирган важларни қувватлаб, суд томонидан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар аниқланмаганлигини билдириб, суд ажримни бекор қилишни ва ижро варақасини бериш ҳақидаги аризани қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган банк вакили кассация шикоятини қувватлашини баён қилди.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этган тарафлар вакилларининг тушунтиришлари ва прокурорнинг суд ажримини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги фикрини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, суд ажримини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш хужжатларига қараганда, Палата ҳузуридаги ҳакамлик судининг 2014 йил 30 июндаги ХС-28А-2014-сонли ҳал қилув қарори билан Банк фойдасига жавобгар «Камронбек Нодирбек» хусусий корхонасидан жами 64.121.910 сўм ундирилган.
Ушбу ҳал қилув қарори ихтиёрий ижро қилинмаганлиги сабабли Палата банк манфаатида хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, ҳакамлик судининг ушбу ҳал қилув қарорини ижрога қаратиш учун ижро варақаси беришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 1556-моддасига кўра, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилади ва ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига қабул қилинган бўлса, ўша тараф ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2012 йил 15 июндаги «Хўжалик судлари томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 238-сонли қарорининг 5-бандида ХПКнинг 201 ва 202-моддалари ҳамда Қонуннинг 7 ва 8-бобларига мувофиқ судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан фақат ҳакамлик муҳокамаси тарафлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза билан эса ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса ўша тараф мурожаат қилади деб белгиланган.
Шунга асосан Палата ҳузуридаги ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори Банк фойдасига қабул қилинган бўлиб, судга ариза билан Палата мурожаат қилганлиги сабабли биринчи инстанция суди томонидан ушбу ариза Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 118-моддасининг 2-бандига асосан асосли равишда қайтарилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида»ги 161-сонли қарорининг 3-бандида қарор иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлса, асослантирилган ҳисобланиши, ҳал ҳилув қарори иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилиб, асослантирилган ажрим қабул қилинган деб ҳисоблаб, ажримни ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни ҳамда ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ тўланган 7000 сўм почта харажатини Банк зиммасида қолдиришни ва видеоконференцалоқа режимида иш кўрилиши муносабати билан 30.000 сўм алоқа ҳаражатини ҳам унинг зиммасига юклашни лозим топади.
2014 йил 17 ноябрь,
21-1403/5049-сон