Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак
[Кўчирма]
«Едиге курылыс» МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий медицина маркази Нукус филиалидан 7324470 сўм асосий қарз, 3662235 сўм пеня, жами 10986705 сўм ундириб беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан 7324470 сўм асосий қарз, 1200000 сўм пеня ундирилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этиш сўралган. Кассация протестида суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, биринчи инстанция суди ишни кўришда процессуал ҳуқуқ нормасини бузган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 23-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Агар даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилади. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, ундириладиган сумма ишга тегишли жавобгар сифатида жалб қилинган юридик шахсдан ундирилиши лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 162-сонли қарорининг 9-бандида тушунтириш берилган.
Аммо, даъвогар Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий медицина марказининг Нукус филиалига нисбатан даъво қилган бўлсада, биринчи инстанция суди юридик шахс ҳисобланган Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий медицина марказини ишга жавобгар сифатида жалб қилиш масаласини ҳал этмаган. Даъвони қисман қаноатлантириб, асосий қарз ва пеняни филиалдан ундириб, хатога йўл қўйган.
Бу хатони апелляция инстанцияси суди ҳам такрорлаб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, нотўғри хулосага келган.
Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 169, 188 ва 200-моддаларига мувофиқ қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида»ги 161-сонли қарорининг 1-бандида тушунтириш берилган.
Қайд этилганларга кўра, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш лозим.
Ишни янгидан кўришда суд далилларга тўлиқ баҳо бериб, юқорида айтиб ўтилган камчиликларни бартараф этиб, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий медицина марказини ишга жавобгар сифатида жалб қилиши, суд харажатларини ундириш масалаларини ҳал этиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.
2011 йил 17 январь,
23-1003/6733(8)-сон