Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси «Микрокредитбанк» ОАТБ Ургут филиали манфатида, жавобгарлар — Ургут туманидаги «Керамик қурилиш инвест» хусусий корхонаси ва «OBOD EL-NUR» хусусий кохонасига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Микрокредитбанк» ОАТБ Ургут филиали ва «Керамик қурилиш инвест» хусусий корхонаси ўртасида имзоланган 2010 йил 5 январдаги кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни, 134791257 сўм кредит ва унинг фоизларини «OBOD EL-NUR» хусусий кохонасига тегишли бўлган гаровдаги маъмурий бино-иншоотлар ҳисобидан ундириб беришни сўраган.
Кейинчалик даъвогар вакили даъво суммасига аниқлик киритиб, даъво аризасида кредит ва унинг фоизлари нотўғри кўрсатилганлигини баён этган ва 126900000 сўм кредит ва унинг фоизларини гаровдаги мулк ҳисобидан ундириб беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.
Гаровга қўйилган мулкларнинг ким ошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 173750000 сўм деб белгиланган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорларининг ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратиш ҳақидаги қисмини бекор қилиш ва даъвогар томонидан талаб қилинган суммани «Керамик қурилиш инвест» хусусий корхонасидан ундириш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, «Микрокредитбанк» ОАТБ Ургут филиали ва «Керамик қурилиш инвест» хусусий корхонаси ўртасида тузилган 2010 йил 5 январдаги 1-сонли кредит шартномасига асосан банк қарздорга пишган ғишт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ва материалларни сотиб олиш мақсадида, йиллик 18 фоиз устама тўлаш шарти билан (кредитнинг охирги қайтариш муддати 2011 йил 25 январгача) 139000000 сўмлик кредит ажратган.
Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида банк, қарздор ҳамда «OBOD EL-NUR» хусусий кохонаси ўртасида 2010 йил 5 январда ипотека тўғрисида шартнома тузилган.
Мазкур шартномага асосан «OBOD EL-NUR» хусусий кохонасига тегишли бўлган Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Дўстлик маҳалласи, Почвон кўчасида жойлашган бино-иншоотлар гаровга қўйилган.
Ипотека шартномасининг 5-бандида қарздор томонидан кредит шартномаси мажбурияти бажарилмаган тақдирда банк ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратиши қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
«Керамик қурилиш инвест» хусусий корхонаси банкдан олинган кредит ва унинг фоизларини шартномада кўрсатилган муддатларда қайтармаган. Мазкур корхона шартнома мажбуриятларини ўз вақтида бажарганлигини исботлаб бермаган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 736-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Мазкур Кодекс 280-моддасининг биринчи қисмига кўра, гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади.
«Керамик қурилиш инвест» хусусий корхонаси банкдан олган кредит ва унинг фоизларини ўз вақтида қайтармаганлиги учун суд кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиб, кредит қийматини ва унинг фоизларини гаровга қўйилган мулклардан ундириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Шунинг учун судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
«OBOD EL-NUR» хусусий корхонаси томонидан ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун 907000 сўм давлат божи, 5000 сўм почта харажатлари тўланган. Ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ суд харажатлари мазкур корхона зиммасида қолдирилиб, ортиқча тўланган 272500 сўм унга қайтарилиши лозим.
2011 йил 13 апрель,
14-10-11/19076-сон