Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Умумий суд, хўжалик судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, хўжалик суди иш юритишни тугатади
[Кўчирма]
Жомбой тумани давлат ўрмон хўжалиги даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар — «Жомбой электр тармоқлари» корхонаси ҳисобидан 12660989 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2009 йил 14 майдаги ажрими билан жавобгар — «Жомбой электр тармоқлари» корхонаси «Самарқанд электр тармоқлари» ОАЖ билан алмаштирилган.
Биринчи инстанция судининг 2009 йил 22 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 9852992 сўм асосий қарз, 98530 сўм давлат божи ва 7000 сўм почта харажатлари ундирилган. Даъво талабининг 2802997 сўм ундириш қисми бўйича иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони кўрмасдан қолдириш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, «Жомбой электр тармоқлари» корхонасининг Жомбой туман давлат ўрмон хўжалиги олдида 2802997 сўм қарзи мавжуд бўлган. Ушбу қарздорлик Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2006 йил 14 августдаги 14-0604/9845-сонли хўжалик иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори билан ундирилган. Лекин, шу кунга қадар ҳал қилув қарорининг ижроси таъминланмаган.
Жомбой туман давлат ўрмон хўжалиги 2007 йил 1 январдан 2009 йил 1 январь кунигача бўлган даврда «Жомбой электр тармоқлари» корхонасига 10654875 сўм тўловни амалга оширган.
Бироқ, Жомбой туман давлат ўрмон хўжалиги 2007 йил 1 январдан 2009 йил 1 январь кунигача бўлган даврда 801883 сўм миқдоридаги электр энергиясидан фойдаланган.
Ушбу ҳолатда Жомбой туман давлат ўрмон хўжалиги томонидан «Жомбой электр тармоқлари» корхонасига 9852992 сўмлик ортиқча тўлов амалга оширилган.
Даъво талабининг 2802997 сўм ундириш қисми бўйича эса Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2006 йил 14 августдаги 14-0604/9845-сонли хўжалик иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига 2802997 сўм ундириш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг биринчи қисми 2-бандида умумий суд, хўжалик судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, хўжалик суди иш юритишни тугатиши белгиланган.
Қайд этилган ҳолатлар асосида биринчи инстанция суди даъво талабини қисман қаноатлантириб, жавобгар — «Самарқанд электр тармоқлари» ОАЖ ҳисобидан даъвогар — Жомбой туман давлат ўрмон хўжалиги фойдасига 9852992 сўм ундириб ва давъо талабининг 8802997 сўм ундириш қисми бўйича иш юритишни тугатиб, тўғри хулосага келган.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган қонуний қарор қабул қилинган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини «Самарқанд электр тармоқлари» ОАЖ зиммасида қолдиришни лозим топади.
2009 йил 12 октябрь,
14-0910/6225-сон