Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли
[Кўчирма]
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши хўжалик судига даьво аризаси билан мурожаат этиб, «Инвест-Мир-Сервис» МЧЖга нисбатан ноқонуний эгаллаб турган хонадан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
«Инвест-Мир-Сервис» МЧЖнинг кассация шикоятида даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши билан «Инвест-Мир-Сервис» МЧЖ ўртасида 2006 йил 28 декабрда 5-сонли бино, иншоот, бошқа кўчмас мулк объекти ижараси шартномаси тузилган. Ушбу ижара шартномасига асосан Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгашига қарашли бўлган бинонинг 2-қаватидаги 206-хона «Инвест-Мир-Сервис» МЧЖга берилган.
Ижара шартномасининг 5.1-бандига асосан ижара муддати 2006 йилнинг 1 декабридан 2008 йилнинг 31 декабригача белгиланган. Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши тарафлар ўртасида тузилган ижара шартномасининг муддати тугаганлиги сабабли 2009 йилнинг 9 январида 1/4-сонли хат билан мурожаат қилиб, жамият эгаллаб турган 206-хонани 3 кун ичида, яъни 2009 йилнинг 12 январга қадар бўшатиб беришни сўраган. Жавобгар томонидан ҳеч қандай фикр билдирилмаган ва хонани бўшатиш чораси кўрилмаган.
Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши томонидан биринчи инстанция суди суд мажлисида мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома билан мулкнинг ўзига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Бундай ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 228-моддасига кўра, мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли.
Шу сабабли, биринчи инстанция суди жавобгар — «Инвест-Мир-Сервис» МЧЖни у томонидан эгаллаб турилган хонадан мажбурий тартибда чиқариш ҳақидаги даъвони қаноатлантириб, тўғри хулосага келган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириб, ишни кассация тартибида кўриш билан боғлиқ давлат божини «Инвест-Мир-Сервис» МЧЖ зиммасига юклашни, почта харажатлари эса олдиндан тўланганлигини инобатга олишни лозим топади.
2009 йил 17 август,
22-0902/2051-сон