Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ишни кўришда суд иши юритиладиган тил тўғрисидаги қоидалар бузилган бўлса, мазкур ҳолат ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади
[Кўчирма]
Миробод туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, якка тартибдаги тадбиркор Ж.Шахгельдянга нисбатан 6003750 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2008 йил 1 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
2008 йил 15 декабрдаги суд ажрими билан ёзувдаги хато тузатилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация протестида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш, кассация шикоятида эса ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш сўралган.
Судлов ҳайъати протест ва шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суднинг ҳал қилув қарорини ва ажримини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан қўзғатилган 15/0-7086-сон жиноят иши юзасидан «Ҳужжатли тафтиш тайинлаш ҳақида» 2008 йил 25 июндаги қарорига ва 2008 йил 30 июндаги 679-сон буйруғига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркор Ж.Шахгельдяннинг молиявий фаолияти юзасидан текшириш ўтказилган. Текшириш далолатномасида якка тартибдаги тадбиркор Ж.Шахгельдянга тегишли дўкон сотувчи-кассири Г.Калиганова харидорга 7000 сўмга маҳсулот сотиб, унга назорат-касса машинаси чеки бермаганлиги, 33200 сўмлик нақд пулларни назорат-касса машинаси хотирасига киритмаганлиги ҳамда кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган 5377800 сўмлик товар-моддий бойликларни савдога қўйганлиги қайд этилган.
Шу сабабли, даъвогар жавобгарга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига биноан яширилган тушум қийматига тенг миқдорда молиявий жарима қўллашни ҳамда назорат-касса машинаси ишлатмасдан савдони амалга оширганлик учун Солиқ кодексининг 119-моддасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда молиявий жарима қўллашни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2008 йил 2 сентябрдаги ажрими билан фуқаро Г.Калиганова томонидан «Zinger» савдо маркали қайчини харидорга 7000 сўмга сотиб, назорат-касса машинаси чеки уриб бермаганлиги ва жами суммаси 5377800 сўмлик кирим қилинмаган товарлар савдога чиқарилганлиги тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисмига кўра жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурий бўлса-да, биринчи инстанция суди қайд этилган ҳолатларга эътибор бермаган ва натижада даъвони рад этиш ҳақида барвақт хулосага келган.
Бундан ташқари, биринчи инстанция суди мажлисида якка тартибдаги тадбиркор Ж.Шахгельдян иштирок этган бўлиб, у ўзбек тилини билмаса-да, суд мажлиси ўзбек тилида олиб борилган ва ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 10-моддасида хўжалик судида суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилиши, суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган суд иштирокчиларининг таржимон ёрдамида ишга тааллуқли материаллар билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳамда ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланиши баён этилган. Бироқ биринчи инстанция суди мажлисида ушбу қонун талабларига риоя қилинмаган.
Жавобгарнинг тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келиш учун берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати ҳам суд томонидан ўрганилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 11-моддасига кўра хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.
Суднинг ҳал қилув қарори иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган ва тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлсагина асослантирилган ҳисобланади. Ҳал қилув қарори иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида» 2007 йил 15 июндаги 161-сон қарорининг 3-бандида тушунтириш берилган.
Қайд этилганларга кўра судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ҳал қилув қарори бекор қилиниши муносабати билан ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги суд ажрими ҳам бекор бўлади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди Ж.Шахгельдяннинг якка тартибдаги тадбиркор мақомини аниқлаб, суд мажлисида таржимон иштирокини таъминлаб, ишдаги далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, суд харажатларини ундириш масаласини ҳал этиб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.
2009 йил 7 апрель,
10-0813/15001-сон