Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган иш учун муҳим ҳолатлар асос бўлади
[Кўчирма]
«Комгул» кичик корхонаси (ҳозирги кунда — «Комгул» МЧЖ) Тошкент вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «1-Чарх комолон» маҳалла қўмитаси (ҳозирги кунда — «1-Чарх комолон» маҳалла фуқаролар йиғини)ни ортиқча эгаллаб турган жойдан чиқаришни сўраган.
Шунингдек, «1-Чарх комолон» маҳалла қўмитаси «Комгул» кичик корхонаси ва Тошкент шаҳар давлат мулки қўмитаси бошқармаси ва хусусийлаштириш қўмитаси (ҳозирги кунда — Давлат мулки қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси)га нисбатан мурожаат қилиб, «Комгул» кичик корхонасига берилган мулкчилик ҳуқуқини тасдиқловчи 1994 йил 24 декабрдаги 1835-сонли ордерни бекор қилишни сўраган.
Кассация инстанцияси судининг 1996 йил 4 сентябрдаги қарори билан Тошкент вилоят хўжалик судининг 1995 йил 21 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва 1995 йил 24 ноябрдаги қарори бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган.
«1-Чарх комолон» маҳалла қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 204 — 207-моддаларига асосан кассация инстанцияси судининг 1996 йил 4 сентябрдаги қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиб, ҳозирги кунда «Комгул» кичик корхонасининг 2007 йил 5 февралдаги 3-69/2007-сон билан рўйхатдан ўтган бино иншоотларининг кадастр ҳужжатида битта бино, иккита бинонинг бир қисми ва битта шийпон Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда ушбу бино-иншоотларнинг ноқонуний равишда қурилганлигини баён қилган.
Судлов ҳайъати суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризада келтирилган важларни муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра аризани қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 204-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига кўра, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган иш учун муҳим ҳолатлар асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил 25 июлдаги «Хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши ҳақида»ги 111-сонли қарорининг 4-бандига асосан янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим. Агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди, чунки бу ХПК 204-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди мазмунига зид бўлади.
«1-Чарх комолон» маҳалла қўмитасининг келтираётган ҳолати суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди.
Бинобарин, судлов ҳайъати суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
2010 йил 6 сентябрь,
1521/17-1989-сон