Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, иш юритиш тугатилади
[Кўчирма]
Сурхондарё вилоят прокуратураси «Бойсун улгуржи чакана матлубот савдо» МЧЖ манфаатида жавобгарлар — Бойсун туман улгуржи чакана матлубот савдо ҳиссадорлик жамияти, Сурхондарё вилоят матлубот савдо кооператив ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Бойсун туман ҳокимлигига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Бойсун туман улгуржи чакана матлубот савдо ҳиссадорлик жамияти кузатув кенгашининг 2003 йил 28 октябрдаги йиғилиш қарорини ҳамда Бойсун туман ҳокимининг 2003 йил 5 декабрдаги 843-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиб, иш юритишни тугатиш сўралган.
Судлов ҳайъати иш ҳужжатларини ҳамда кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, низо бўйича иш юритишни тугатишни лозим деб топади.
Аниқланишича, Бойсун туман улгуржи чакана матлубот савдо ҳиссадорлик жамияти кузатув кенгашининг 2003 йил 28 октябрдаги йиғилишида бирлашма омборхонасини 5100000 сўмга «Икром Жамол» хусусий фирмасига сотишга қарор қилинган.
Мазкур қарорга асосан Бойсун туман ҳокими томонидан 2003 йил 5 декабрдаги 843-сонли қарор қабул қилинган. Унга кўра «Икром Жамол» хусусий фирмасига омборхонани бузиб, 4081 кв.м. ер майдонига ёқилғи қуйиш шохобчаси ва техник хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилишига рухсат берилган.
Даъвогар кузатув кенгаши ва туман ҳокими қарори ноқонунийлигини билдириб, уларни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари етарли даражада ўрганилмаган ва даъвони қаноатлантириш тўғрисида нотўғри хулосага келинган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 23-моддасининг биринчи қисмида хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқли эканлиги белгиланган.
Аниқланишича, низоли омборхона Республика кўчмас мулк биржаси Сурхондарё вилоят филиали орқали 2008 йил 5 майдаги шартномага асосан «Бойсун ҳамкор» хусусий фирмаси томонидан 26000000 сўмга фуқаро И.Раззоқовга сотилган. Мазкур ҳолатда ушбу низода фуқаро И. Раззоқовнинг ҳуқуқ ва манфаатлари мавжудлиги суд инстанцияларининг эътиборидан четда қолган. Бу эса мазкур низо хўжалик судида кўриш учун тегишли эмас, деган хулосани беради.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 1-бандига кўра, низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, иш юритиш тугатилади.
Қайд этилганларга кўра, кассация судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилишни, низо юзасидан иш юритишни тугатишни лозим деб топади.
2009 йил 25 февраль,
19-0809/7295-сон