Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Томонлар ўртасида шартномавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мавжуд эмаслиги даъвонинг рад этилишига сабаб бўлган
[Кўчирма]
«Aoks Plus Business» масъулияти чекланган жамияти хўжалик судига мурожаат этиб, АТ «Пахтабанк»дан 6572150 сўм жарима, 131443 сўм давлат божи, 5000 сўм почта харажатлари, жами 6708593 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, «Aoks Plus Business» масъулияти чекланган жамияти 370693072,38 сўм дебиторлик қарзини ундириш мақсадида қарздор — «Аграр технологиялари» МЧЖ қўшма корхонасининг АТ «Пахтабанк»даги ҳисоб рақамига таққослаш далолатномаси асосида 2008 йил 29 майда 1-сон тўлов талабномасини юборган.
«Аграр технологиялари» МЧЖ қўшма корхонасининг банкдаги ҳисоб рақамига 2008 йил 3 июлда келиб тушган 18,0 млн. сўм пул маблағлари қўшма корхона АТ «Пахтабанк» билан тузган кредит шартномасига асосан унинг кредит қарзларини қоплаш учун йўналтирилган.
«Aoks Plus Business» масъулияти чекланган жамияти ва АТ «Пахтабанк» ўртасида умуман шартномавий-ҳуқуқий муносабат йўқ.
Шунга қарамасдан, «Aoks Plus Business» масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2001 йил 30 июнда 1044-сон билан рўйхатга олинган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2001 йил 23 июндаги 493-сон қарори билан тасдиқланган «Ҳисобварақлар очиш, мижозлар ҳисобварақларига маблағ ўтказиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонунларда назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул бериш тартиби бўйича белгиланган талабларни бузганлик учун тижорат банкларига нисбатан жарима жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 6-бандига асосан жавобгардан банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи — 6572150 сўм жарима ундиришни сўраган.
Аммо, мазкур Низом қоидалари фақат банк ва унинг мижози ўртасидаги муносабатларга тааллуқлидир. «Aoks Plus Business» масъулияти чекланган жамияти эса АТ «Пахтабанк»нинг мижози эмас. Шу сабабли, ушбу Низом талабларини бу ҳолатга татбиқ этиб бўлмайди.
Биринчи инстанция суди ишни кўришда бунга аҳамият бермасдан, даъвони қаноатлантириш тўғрисида нотўғри хулосага келган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.
2008 йил 16 декабрь,
10-0812/10671-сон