Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Андижон шаҳридаги воқеаларга доир
Ватанимизнинг иқтисодий ҳамда сиёсий жиҳатдан тинч ва барқарор ривожланиб боришини кўролмаётган, ўзларининг анчагина олисни кўзловчи мақсадларига эришиш учун мамлакатимизда вазиятни беқарорлаштиришга интилаётган радикал экстремистик кучлар Андижон шаҳрида содир этган ваҳшиёна жиноий ҳаракатлар умумхалқ қаҳр-ғазабини ўйғотди, одамларимиз томонидан қораланди.
Бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлган бу қабиҳ хуруж халқимизнинг руҳини асло заифлаштиролмайди, танлаган қатъий йўлидан уни тойдиролмайди, Ўзбекистоннинг истиқлол, демократик жараёнларни чуқурлаштириш, бунёдкорлик ва тараққиёт йўлидан қатъият билан боришига халақит бера олмайди. Жамиятни янгилаш ҳамда демократлаштириш, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш Ўзбекистонимизни ривожлантиришда бундан буён ҳам аввалгидек устувор йўналиш бўлиб қолаверади.
Бўлиб ўтган фожеали воқеаларга объектив сиёсий баҳо ўша, машъум хуруж содир этилган шаҳарга бориб, вазиятни барқарорлаштиришга улкан ҳисса қўшган Президент Ислом Каримов томонидан берилди. Вазиятни нормаллаштириш юзасидан қатъий, ҳар тарафлама пухта ўйланган, энг аввало уни қон тўкмай ҳал этишга, жиноятчилар қўлида гаровда қолган тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар андижонликлар ҳаётини қисқа муддат ичида одатий маромга қайтариш, жамоат тартибини ва хавфсизлигини таъмин этиш имконини берди.
Андижон шаҳрида содир бўлган воқеаларни муҳокама этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг минтақада вазиятни барқарорлаштириш юзасидан тутган йўли ва ҳаракатлари тўла қўллаб-қувватлансин.
2. Сенаторлар:
жамиятда содир бўлаётган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга, диний экстремизм ва ақидапарастликнинг ҳар хил кўринишларига қарши туришга қаратилган демократик жараёнларни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан аҳоли ўртасида кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб борсинлар;
ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органлари билан биргаликда диний экстремизм ва мутаассибликнинг хавфини тушунтиришда, навқирон авлодда ватанпарварлик туйғуси, юксак маънавий-ахлоҳий фазилатларни шакллантиришга қаратилган ишларни ёшлар ўртасида тағин ҳам кучайтиришда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор берсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси М. ШАРИФХЎЖАЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 17 май,
51-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 5-сон, 190-модда)