Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилса, давлат божи жавобгар зиммасига юкланади
[Кўчирма]
Чироқчи туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, «Бебаҳо юрт жавоҳири» ишлаб чиқариш-савдо корхонасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 119-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида — 841200 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация протестида ҳал қилув қарорининг давлат божи қисмини ўзгартириб, қонунга мувофиқлаштириш сўралган.
Судлов ҳайъати протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш Республика Кенгаши Чироқчи туман ҳудудий комиссиясининг 2008 йил 10 октябрдаги 231-сонли рухсатномаси, Чироқчи туман давлат солиқ инспекциясининг 2008 йил 27 ноябрдаги 251-ХС-сонли буйруғи ва текшириш дастурига асосан «Бебаҳо юрт жавоҳири» ишлаб чиқариш савдо корхонасига қарашли савдо дўконида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг савдо ва хизмат кўрсатишга оид қарорлари ижроси юзасидан қисқа муддатли текшириш ўтказилган. Текшириш тартиби ва қоидалари текширувчилар томонидан бузилмаган.
Текширишда 69100 сўм савдо пуллари назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаганлиги, 54000 сўм савдо пуллари назорат-касса машинасидан ўтказилмасдан банк муассасасига топширилганлиги, шунингдек дўконда мавжуд товарларга нарх ёрлиқлари ёзиб қўйилмаганлиги аниқланган. Бу ҳақда далолатнома расмийлаштирилган.
Текширишда аниқланган ҳуқуқбузарлик бўйича ҳисобланган молиявий жаримани ихтиёрий тўлаш ҳақида Чироқчи туман давлат солиқ инспекциясининг 2008 йил 28 ноябрдаги талабномаси жавобгар томонидан бажарилмаган.
Шу сабабли даъвогар жавобгарга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 119-моддасига асосан молиявий жарима қўллашни сўраган.
Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар жавобгар ўз ихтиёри билан қўлланилган молиявий жаримани тўлиқ тўлаб берганлиги сабабли биринчи инстанция суди даъвони рад этиш ҳақида тўғри хулосага келган. Бироқ, суд томонидан суд харажатларини ундириш масаласи ҳал этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 337-моддасининг ўн бешинчи қисмига мувофиқ давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар ўз талабларини даъво берилганидан кейин улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги туфайли қўллаб-қувватламаган ҳолларда давлат божининг суммаси жавобгардан бюджетга ундирилиши лозим.
Хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилса, давлат божи жавобгарга юкланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида» 2008 йил 18 апрелдаги 180-сонли қарорининг 21.4-бандида тушунтириш берилган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгартиришни ва «Бебаҳо юрт жавоҳири» ишлаб чиқариш-савдо корхонасидан республика бюджетига ҳамда судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 280400 сўм давлат божи, Чироқчи туман давлат солиқ инспекциясига 7000 сўм почта харажатлари ундиришни лозим топади.
2009 йил 13 октябрь,
18-0906/420-сон