Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан узилади
[Кўчирма]
Даъвогар — «Бинокор-20» масъулияти чекланган жамияти хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар — Бекобод туман давлат солиқ инспекциясидан 35684776 сўм асосий қарз, 17842388 сўм пеня, жами 53527164 сўм ундиришни сўраган.
Хўжалик судининг 2008 йил 9 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2008 йил 20 майдаги ажримига асосан апелляция инстанцияси судида иш юритиш тугатилган.
Кассация протестида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация протестида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, кассация протестини тўлиқ қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Тошкент вилоят тендер комиссиясининг 2004 йил 12 июлда ўтказилган танлов савдосининг 3-сонли баённомасига асосан 2004 йил 26 июлда Бекобод туман давлат солиқ инспекцияси (буюртмачи) ва «Бинокор-20» масъулияти чекланган жамияти (пудратчи) ўртасида Бекобод туман давлат солиқ инспекцияси биносини капитал таъмирлаш ҳақида қиймати 120 млн сўмни ташкил этувчи 6-сонли пудрат шартномаси тузилган. Мазкур шартномага асосан даъвогар томонидан таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Тарафлар ўртасида тузилган шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги оқибатида 2008 йил 25 мартда «Бинокор-20» масъулияти чекланган жамияти хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Бекобод тумани давлат солиқ инспекциясидан Бекобод туман ДСИ биносини капитал таъмирдан чиқарганлиги учун 35684776 сўм асосий қарз, 17842388 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар томонидан бажарилган 48036000 сўмлик ишлар 2004 йил 26 ноябрда 1-сонли справка-счёт фактура билан, 34975800 сўмлик ишлар 2005 йил 26 февралдаги 2-сонли справка счёт-фактура билан, 20930000 сўмлик ишлар 2005 йил 26 мартдаги 3-сонли справка счёт-фактура билан, 16058000 сўмлик ишлар 2005 йил 26 майдаги 4-сонли счёт-фактура билан жавобгарга топширилган.
Биринчи инстанция суди даъвони рад этишда даъвогар томонидан даъво муддатининг ўтказиб юборилганлигига асосланган. Ваҳоланки, даъвогар томонидан бажарилган ишлар охирги марта 2005 йил 26 майда жавобгарга топширилган бўлиб, уч йиллик даъво муддати ўтмасдан аввал, яъни 2008 йил 25 мартда даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилган. Суд томонидан ушбу ҳолатлар тўлиқ ўрганилмасдан, фақат даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги асослари билан даъвони рад этиш ҳақида барвақт хулосага келинган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддаси талабига кўра, умумий даъво муддати 3 йилни ташкил қилиб, шу Кодекснинг 154-моддасида даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлаши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 157-моддасига мувофиқ, даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан узилади. Узилишдан кейин даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт эса янги муддатга қўшилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 188-моддасида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланган.
Бундай ҳолда судлов ҳайъати кассация протестини қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда, суд юқорида баён этилган ва ишга дахлдор бўлган бошқа барча ҳолатларни иш бўйича йиғилган далиллар билан бирга муҳокама қилиб, шундан сўнг қонуний тўхтамга келиши, тарафлар ўртасида давлат божини тақсимлаш масаласини ҳал этиши лозим бўлади.
2009 йил 23 февраль,
11-0823/3272-сон