Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса тузилган шартнома суд томонидан бекор қилинади
[Кўчирма]
Давлат акциядорлик-тижорат «Асака» банки Хоразм вилоят филиали «Шарип Зарипов» номли паррандачилик очиқ акциядорлик жамиятига нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, 2008 йил 27 сентябрдаги 2008-20/А-сонли ва 2008-20/Б-сонли кредит шартномаларини муддатидан олдин бекор қилишни ҳамда 213641736 сўм ундиришни сўраган.
2009 йил 29 майдаги суд ажрими билан ДАТ «Асака» банки ишга даъвогар сифатида жалб этилган.
Низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвогар даъво предметини ўзгартириб, 2008 йил 27 сентябрдаги 2008-20/А-сонли ва 2008-20/Б-сонли кредит шартномаларини муддатидан олдин бекор қилиш ҳамда 217491534,61 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2009 йил 3 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, ДАТ «Асака» банки Хоразм вилоят филиали ва «Шарип Зарипов» номли паррандачилик ОАЖ ўртасида тузилган 2008 йил 27 сентябрдаги 2008-20/А-сонли кредит шартномасига асосан йиллик 14 фоиз устама билан 300000 дона инкубация тухумларини сотиб олиш учун 112500000 сўм ва 2008-20/Б-сонли кредит шартномасига асосан ем-хашак сотиб олиш учун 187500000 сўм ажратилган.
Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида томонлар ўртасида 2008 йил 28 августда гаров шартномаси тузилган. Унга кўра «Шарип Зарипов» номли паррандачилик ОАЖнинг 498430,67 кв2 метрдан иборат бино ва иншоотлари гаровга қўйилган.
Шартномада жавобгар олинган кредитни қайтариш графигига асосан ҳар ойда кредит фоизларини тўлаб бориши белгиланган. ДАТ «Асака» банки Хоразм вилоят филиали шартнома бўйича белгиланган ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарган. Аммо жавобгар ўз вақтида кредит фоизларини тўлаб бормаганлиги учун унинг кредитдан 209440000 сўм асосий, кредит фоизидан 8051534,61 сўм, жами 217491534,61 сўм қарздорлиги мавжуд бўлган. Қарздорлик ишдаги далиллар билан ўз тасдиғини топган.
Даъвогарнинг мавжуд қарзни ундириш мақсадида берган ёзма огоҳлантиришлари оқибатсиз қолдирилгач, даъвогар даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 382-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига кўра, иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса, тузилган шартнома суд томонидан бекор қилинади.
ДАТ «Асака» банки кредит қўмитаси томонидан қарздорнинг кредит маблағини қайтариш қобилияти ва унинг ишлаб чиқариш фаолиятини ўрганиш мақсадида 2009 йил 13 майда ўтказилган мониторинг натижасига кўра кредит маблағи ажратилгандан сўнг қарздорнинг ҳисоб рақамига 118541,4 минг сўм келиб тушган, шундан 2009 йилнинг 1 январидан 2009 йилнинг 13 майига қадар 58361,2 минг сўми маҳсулот сотишдан келиб тушган, шунингдек қарздорнинг 2009 йил 1 апрель ҳолатига тақдим қилган бухгалтерия балансига асосан асосий воситалар қолдиғи 75,4 минг сўмни ташкил этган.
Бундан кўриниб турибдики, «Шарип Зарипов» номли паррандачилик ОАЖ паррандачиликни ривожлантириш бўйича ижобий кўрсаткичларга эга эмас ҳамда олинган кредитни қайтаришга унда ҳеч қандай имконият йўқ.
Тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномаларининг 3.1.4-бандига кўра банк кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, асосли равишда даъвони қаноатлантирган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
2009 йил 20 октябрь,
22-0904/6203-сон