Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ишнинг хўжалик судига тааллуқлилиги Хўжалик процессуал кодексининг 23 ва 24-моддалари талабларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади
[Кўчирма]
Насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, «Нурафшон» ширкат хўжалигини тугатиш ва қайта ташкил этиш комиссиясининг аукцион савдо ўтказиш ҳақидаги 2006 йил 2 мартдаги 15-а сонли йиғилиш баённомасини бекор қилишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2008 йил 30 апрелдаги ҳал қилув қарори билан «Нурафшон» ширкат хўжалигини тугатиш ва қайта ташкил этиш комиссияси томонидан аукцион савдо ўтказиш ҳақидаги 2006 йил 2 мартдаги 15-а сонли йиғилиш баённомаси ҳақиқий эмас деб топилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2006 йил 1 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиб, даъвони кўрмасдан қолдириш сўралган.
Протестда ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.
Даъвогар томонидан судга тақдим этилган даъво аризасида «Нурафшон» ширкат хўжалигини тугатиш ва қайта ташкил этиш комиссиясининг аукцион савдо ўтказиш ҳақидаги 2006 йил 2 мартдаги 15-а сонли йиғилиш баённомасини бекор қилиш сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 24-моддасида хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар туркуми кўрсатилган бўлиб, унда давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низоларни хўжалик суди ҳал этади, деб белгиланган.
Биринчи инстанцияси суди даъвогарнинг даъво аризасида кўрсатилган даъво талабларидан четга чиқиб, даъвогар «Нурафшон» ширкат хўжалигини тугатиш ва қайта ташкил этиш комиссияси томонидан аукцион савдо ўтказиш ҳақидаги 2006 йил 2 мартдаги 15-а сонли йиғилиш баённомасини ҳақиқий эмас деб топишни сўрамаган бўлса-да, ушбу баённомани ҳақиқий эмас деб топган.
Суд инстанциялари томонидан «Нурафшон» ширкат хўжалигини тугатиш ва қайта ташкил этиш комиссияси томонидан аукцион савдо ўтказиш ҳақидаги 2006 йил 2 мартдаги 15-а сонли йиғилиш баённомасини бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг хўжалик судида кўриш учун тегишлилиги масаласи ҳал этилмаган.
Ишнинг хўжалик судига тааллуқлилиги Хўжалик процессуал кодексининг 23 ва 24-моддалари талабларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 162-сонли қарорининг 19-бандида тушунтириш берилган.
Шунингдек, биринчи инстанция суди «Нурафшон» ширкат хўжалигини тугатиш ва қайта ташкил этиш комиссиясининг аукцион савдосини ўтказиш ҳақидаги 2006 йил 2 мартдаги 15-а сонли йиғилиш баённомасини бошқа манфаатдор тарафларни ишга жалб этмасдан тўлалигича ҳақиқий эмас деб топган. Яъни 2-Лот, 3-Лотларда иштирок этган харидорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олмаган.
Апелляция инстанцияси суди қарорида даъвогар Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 40-моддасига асосан даъво талабини ўзгартирган ва бу ҳақда судга ариза тақдим этганлиги кўрсатилган бўлса-да, иш ҳужжатларида бундай мазмундаги ариза мавжуд эмас.
Биринчи инстанция суд мажлиси баённомасида ҳам даъвогар даъво талабини ўзгартирганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган камчиликларни инобатга олмаган ва ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Судлов ҳайъати юқоридагиларга биноан кассация шикоятини қисман, протестни тўлиқ қаноатлантиришни, 2008 йил 30 апрелдаги ҳал қилув қарорини ва 2008 йил 1 июлдаги қарорни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди баён этилган камчиликларни бартараф этиб, «Нурафшон» ширкат хўжалигини тугатиш ва қайта ташкил этиш комиссиясининг аукцион савдо ўтказиш ҳақидаги 2006 йил 2 мартдаги 15-а сонли йиғилиш баённомасини бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг хўжалик судида кўриш учун тегишлилиги, 2-Лот, 3-Лотларда иштирок этган харидорларни ишга жалб этиш масаласини ҳал этиб, ишдаги ва тўпланган барча далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим бўлади.
2008 йил 8 октябрь,
16-0803/2526-сон