Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилот тугатилган бўлса, хўжалик суди иш юритишни тугатади
[Кўчирма]
«Shani» қўшма корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар — «Emek» қўшма корхонасидан 3000000 сўм асосий қарз ва 300000 сўм пеня, жами 3300000 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, «Shani» қўшма корхонаси ва «Emek» қўшма корхонаси ўртасида 2007 йил 13 мартда 40-сонли шартнома тузилиб, унга кўра жавобгар даъвогарга 6000 дона полипропилен қопларини етказиб бериш, даъвогар эса маҳсулот учун олдиндан 100 фоиз тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Даъвогар томонидан маҳсулот учун тўлов 100 фоиз, яъни 2007 йил 14 мартдаги 39-сонли тўлов топшириқномаси билан 3000000 сўм миқдорида жавобгарга ўтказилган. Жавобгар томонидан эса маҳсулот даъвогарга етказиб берилмаган.
Шартноманинг 4.1-бандига асосан жавобгар маҳсулотни ўз вақтида етказиб бермаса, кечиктирилган ҳар бир кун учун шартнома суммасининг 0,05 фоизи, аммо шу сумманинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда пеня тўлаши керак.
Шу боис, даъвогар хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгардан етказиб берилмаган маҳсулотнинг қиймати — 3000000 сўм асосий қарз ва 300000 сўм пеня, жами 3300000 сўм ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат этган.
Бироқ, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 10-0911/7028-сонли иши юзасидан 2009 йил 8 июндаги ҳал қилув қарорига асосан «Emek» қўшма корхонаси банкрот деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасига кўра, хўжалик суди қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритиш учун қабул қилиб олган пайтдан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини қондириш мақсадида якка тартибда мурожаат этишга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 4-бандига кўра, ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилот тугатилган бўлса, хўжалик суди иш юритишни тугатади.
Биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш жараёнида юқорида қайд этилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмаган.
Cудлов ҳайъати, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатишни, кассация шикоятини эса қаноатлантиришни, биринчи ва кассация инстанциясида ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини «Shani» қўшма корхонасидан ундиришни лозим топади.
2009 йил 28 сентябрь,
10-0906/6218-сон