Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши шарт
[Кўчирма]
«Сув қурилиш-таъмирлаш» кўп тармоқли хусусий корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат килиб, Давлат мулки қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасидан 6161935 сўм асосий қарз, 21755808 сўм фоиз, 6000000 сўмлик сафар ва адвокатлик харажатлари, 150000000 сўм бой берилган фойда, 150000000 сўм маънавий зарарни ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 3886500 сўм асосий қарз, 14336000 сўм фоиз, 3000000 сўм адвокатлик хизмати учун тўланган ҳақ, 15000000 сўм ишчанлик обрўсига етказилган зарар ундирилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорларини қонун доирасида қайта кўриб чиқиш сўралган.
Протестда суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят ва протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгартиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Давлат мулки қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасининг 2003 йил 23 декабрдаги 603-сонли буйруғига асосан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги «Сувмаш» заводи ҳиссадорлик жамияти «Сувмаш» заводи Сурхондарё филиали масъулияти чекланган жамиятга айлантирилган. Унинг Низом жамғармаси 61650000 сўм, шундан меҳнат жамоасининг жамият устав фондидаги улуши 10 фоиз, яъни 6165000 сўм, кўчмас мулк биржаси орқали сотиладиган 90 фоиз улуш эса 55485000 сўм этиб белгиланган. Жамият уставининг 90 фоиз улуши биржа савдосида «Сув қурилиш-таъмирлаш» кўп тармоқли хусусий корхонаси томонидан 47313500 сўмга сотиб олинган.
Давлат мулки қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ва «Сув қурилиш-таъмирлаш» кўп тармоқли хусусий корхонаси ўртасида 2004 йил 9 январда жамият низом жамғармасининг 90 фоиз улушини сотиб олиш бўйича 1-сонли шартнома тузилган.
Кейинчалик хусусийлаштириш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 9 мартдаги 119-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат мулки бўлган объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зид равишда ўтказилганлиги сабабли Давлат мулки қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасининг 2003 йил 23 декабрдаги 603-сонли буйруғи ҳамда 2004 йил 9 январдаги 1-сонли шартнома суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 114-моддасининг иккинчи қисмига кўра, битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши шарт.
Даъвогар томонидан давлат активини сотиб олиш учун жами 51200000 сўм тўлаб берилган, шундан фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарори асосида 47313500 сўм қайтарилиб, 3886500 сўм қайтарилмаган.
Шунинг учун судлар томонидан 3886500 сўм асосий қарзни даъвогар фойдасига ундириш ҳақида тўғри хулосага келинган.
Жавобгарнинг даъвогар томонидан асосий қарз сифатида талаб қилинган 6161935 сўм савдо биржаларига тўланганлиги учун ушбу талаб асоссизлиги ҳақидаги важлари билан келишиб бўлмайди. Чунки, 2003 йил 23 декабрдаги 603-сонли буйруқ ва 2004 йил 9 январдаги 1-сонли шартнома айнан жавобгарнинг айби билан, яъни юқорида қайд этилган Низом талаблари айнан жавобгар томонидан бузилганлиги сабабли ҳақиқий эмас, деб топилган. Ушбу ҳолат фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят апелляция инстанцияси судининг 2005 йил 13 декабрдаги ажрими билан тасдиқланади.
Шунинг учун даъвогар савдо биржаларига тўланган суммани жавобгардан ундиришни тўғри талаб қилган.
Шунингдек, суд томонидан даъвогарнинг адвокатга тўланган 3000000 сўмни ундириш ҳақидаги талаби ҳам тўғри қаноатлантирилган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14-моддасига кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.
Даъвогар томонидан 2003 йил 23 декабрдаги 603-сонли буйруқ ва 2004 йил 9 январдаги 1-сонли шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилиши ҳақидаги низонинг судларда кўрилишида адвокатлик хизмати кўрсатиш учун Сурхондарё вилоят адвокатлар ҳайъати Раёсати билан шартнома тузилган ва кўрсатилган юридик хизматлар учун 3000000 сўм тўланган. Ушбу сумма даъвогар томонидан ўз ҳуқуқини тиклаш учун қилинган ҳақиқий зарар ҳисобланади ва у жавобгар томонидан тўланиши керак.
Даъвогар жавобгардан 150000000 сўм бой берилган фойдани ундириш тўғрисида талаб қўйган бўлса-да, жавобгарнинг айби билан ушбу сумма миқдорида фойда бой берилганлигини далиллар билан исботлаб бермаган. Шунинг учун судлар томонидан даъвогарнинг бой берилган фойдани ундириш ҳақидаги талаби тўғри рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддасига кўра, бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.
Даъвогар томонидан сотиб олинган улуш учун тўланган пул маблағларини жавобгар ўз вақтида қайтармаган. Шунинг учун суд томонидан даъвонинг банк фоизи ундириш ҳақидаги қисми 14336000 сўмга қаноатлантирилган. Лекин, 2003 йил 23 декабрдаги 603-сонли буйруқ ва 2004 йил 9 январдаги 1-сонли шартнома 2005 йил 13 декабрда ҳақиқий эмас деб топилган бўлса-да, даъвогар мазкур шартнома асосида тўланган пул маблағини ўз вақтида қайтариш чораларини кўрмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сонли Қарорининг 11-бандида агар пул мажбуриятини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечиктирганлик учун Фуқаролик кодексининг 327-моддасига мувофиқ белгиланган фоизлар миқдори (ставкаси) пул мажбурияти бажарилишини кечиктириш оқибатларига очиқдан-очиқ номутаносиб бўлса, суд фоизларни қоплаш табиатини ҳисобга олиб, Фуқаролик кодексининг 326-моддасига мос ҳолда, Фуқаролик кодексининг 335-моддасига асосан фоизлар миқдорини (ставкаси) камайтиришга ёки кредиторга уни ундиришни бутунлай рад этишга ҳақли эканлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Судлов ҳайъати даъвогар асосий қарзни ўз вақтида қайтариш чораларини кўрмаганлигини инобатга олиб, ундирилиши лозим бўлган фоиз миқдорини 25 фоизга, яъни 3584000 сўмга камайтириб, жавобгардан 10752000 сўм фоиз ундиришни лозим топади.
Гарчи, даъво аризасида 14336000 сўм пеня сифатида сўралиб, суд қарорларида эса ушбу сумма мулкий жавобгарлик деб ундирилган бўлса-да, даъво аризаси ва ҳал қилув қарори мазмунидан кўринишича, ушбу сумма Фуқаролик кодексининг 327-моддасида кўрсатилган фоиз сифатида ундирилган. Шунинг учун жавобгарнинг ушбу сумма нотўғри ундирилганлиги ҳақидаги важи асоссиздир.
Судлов ҳайъати суд инстанцияларининг даъвогарнинг ишчанлик обрўсига путур етказилганлиги учун 15000000 сўм маънавий зарарни ундириш ҳақидаги хулосаси билан келиша олмайди. Чунки, даъвогар ўзининг ишчанлик обрўсига жавобгар томонидан зарар етказилганлиги нималардан иборат эканлигини исботлаб бермаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 55-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Шунинг учун суд қарорларининг 15000000 сўм ишчанлик обрўсига етказилган зарарни ундириш ҳақидаги қисми бекор қилиниб, даъвонинг ушбу қисми рад қилиниши лозим.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларининг жавобгардан 14336000 сўм фоиз ундириш ҳақидаги қисмини ўзгартириб, фоиз миқдорини 10752000 сўмга камайтиришни, суд қарорларининг ишчанлик обрўсига етказилган 15000000 сўм маънавий зарарни ундириш ҳақидаги қисмини бекор қилиб, даъвонинг ушбу қисмини рад қилишни, суд қарорларининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини даъвонинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда тақсимлашни лозим топади.
2008 йил 7 октябрь,
19-0809/520-сон