Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ҳакамлик битими мавжуд бўлган тақдирда, низо ҳакамлик судининг ҳал қилувига топширилиши мумкин
[Кўчирма]
Даъвогар — «Kristall Mega Trans» МЧЖ хўжалик судига мурожаат қилиб, «Ҳимоя» ҳакамлик суди томонидан чиқарилган 2008 йил 27 июндаги ҳал қилув қарорига асосан жавобгар — «DUNYO-M» АЖга нисбатан ижро варақаси беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2009 йил 26 майдаги ажрими билан аризани қаноатлантириш рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2009 йил 15 июлдаги қарори билан ажрим ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида апелляция инстанцияси суди қарорини бекор қилиб, янги қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, «Ҳимоя» ҳакамлик судининг 2008 йил 27 июндаги 11-23/06-сонли ҳал қилув қарори билан жавобгар — «DUNYO-M» АЖдан даъвогар — «Kristall Mega Trans» МЧЖ фойдасига 6437000 сўм асосий қарз, 3218500 сўм пеня ундирилган.
Даъвогар хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори асосида ижро варақаси беришни сўраган.
«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига мувофиқ ҳакамлик битими мавжуд бўлган тақдирда, низо ҳакамлик судининг ҳал қилувига топширилиши мумкин.
Ваколатли суднинг ҳал қилувида бўлган низога оид ҳакамлик битими ваколатли суд низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар тузилиши мумкин.
Қонуннинг 13-моддасига кўра, ҳакамлик битимида ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёхуд айрим низолар ҳакамлик судида кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги қоида, шунингдек агар низо доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал қилувига топшириладиган бўлса, мазкур ҳакамлик судининг номи кўрсатилиши лозим.
Ҳакамлик битимида ҳакамлик судьяларининг сони, ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой ва тил, ҳакамлик муҳокамасининг қўлланиладиган қоидалари, низони кўриб чиқиш муддати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя қилинмаган тақдирда, ҳакамлик битими ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Лекин, «Kristall Mega Trans» МЧЖ билан «DUNYO-M» АЖ ўртасида низони ҳакамлик судида ҳал этиш тўғрисида келишув тузилмаган. Низони ҳакамлик судида ҳал этиш тўғрисида ҳакамлик битими эса «DUNYO-M» АЖ ва «Tegeran Braf» хусусий фирмаси ўртасида тузилган.
Қонуннинг 47-моддаси иккинчи қисмининг биринчи ва олтинчи хатбошисига мувофиқ, ҳакамлик битимининг қонунларда назарда тутилган асослар бўйича ҳақиқий эмаслигини исботловчи далиллар тақдим этилса, агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунларга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ваколатли суд томонидан бекор қилиниши керак.
Қонун 53-моддасининг иккинчи қисмига асосан ваколатли суд ижро варақаси беришни рад этиш тўғрисида ушбу Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ажрим чиқаради.
Қайд этилган ҳолатлар асосида, апелляция инстанцияси суди ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, асосли ва қонуний қарор қабул қилган.
Бу ҳолда, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни ҳамда ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини «Kristall Mega Trans» МЧЖ зиммасида қолдиришни лозим топади.
2009 йил 26 октябрь,
18-0807/20173-сон