Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Агар даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш суд томонидан ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилади
[Кўчирма]
«Мақсуд» ишлаб чиқариш-тижорат фирмаси Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси Қизилтепа туман бўлимига нисбатан хўжалик судига ариза билан мурожаат этиб, банд солинган мол-мулкларни баҳолатиш, ким¬ошди савдосига чиқариш жараёнидаги хатти-ҳаракатини ноқонуний деб топиш ҳамда «Мақсуд» ишлаб чиқариш-тижорат фирмасига қарашли мол-мулкларни ва «Аҳмадобод» тегирмон биносини бозор баҳосида баҳолатишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризани рад қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.
Биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал этишда процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 47-моддасининг учинчи қисмига биноан ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди.
Улар ўзларини ташкил этган юридик шахс томонидан мол-мулк билан таъминланадилар ҳамда у тасдиқлаган низомлар асосида иш олиб борадилар.
Суд низони ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 38-моддасига биноан Cуд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Навоий вилоят ҳудудий бошқармасини жавобгар сифатида ишга жалб қилиб, ишни мазмунан кўриб чиқиши зарур эди.
Даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда суд томонидан юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш Хўжалик процессуал кодексининг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжадик суди Пленумининг «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 2007 йил 15 июндаги 162-сонли қарорининг 9-бандида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессул кодекси 188-моддасининг биринчи қисмига кўра, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Навоий вилоят ҳудудий бошқармасини ишга жавобгар сифатида жалб қилиш масаласини ҳал этиб, даъво талабларини муҳокама этиб, тарафларнинг важларига ва ишдаги далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.
2010 йил 7 сентябрь,
21-1003/4692-сон