Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Агар белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлиги ва бошқа суд харажатлари қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда бу ҳақда илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса, судья даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни қайтаради
[Кўчирма]
Даъвогар — «Иккинчи — Темир — Бетон Сервис» масъулияти чекланган жамияти даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар — «PRIOR SIRIUS BEST» масъулияти чекланган жамиятидан 7000000 сўм асосий қарз, 3500000 сўм пеня, жами 10500000 cўм ундиришни сўраган.
Тошкент шаҳар хўжалик судининг ажрими билан даъво аризаси қайтарилган.
Кассация шикоятида ажримни бекор қилиб, даъво аризасини суднинг иш юритувига қабул қилиш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, 2010 йил 11 март куни «Иккинчи — Темир — Бетон Сервис» масъулияти чекланган жамияти даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, даъво аризасини давлат божисиз иш юритувга қабул қилишни сўраган.
Даъво аризасида ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли, биринчи инстанция судининг 2010 йил 17 мартдаги ажрими билан даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар қайтарилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 118-моддасининг 5-бандига кўра, агар белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлиги ва бошқа суд харажатлари қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда бу ҳақда илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса, судья даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни қайтаради.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 180-сонли қарорининг 7.1-бандига кўра, давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат бериш манфаатдор тарафнинг ёзма илтимосномаси бўйича амалга оширилади.
Мазкур Қарорнинг 7.2-бандига мувофиқ, давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги илтимоснома фақат объектив асослар бўлганда ва тақдим этилган ҳужжатлар давлат божи тўлаш учун зарур бўлган миқдордаги пул маблағлари банк ҳисоб рақамларида мавжуд эмаслигини тасдиқлаган ҳолларда қаноатлантирилиши мумкин. Бундай ҳужжатлар бўлмаганида илтимосномани қаноатлантириш рад қилинади.
Биринчи инстанция суди даъвогар томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлиги ва бошқа суд харажатлари қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида илтимоснома берилмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 118-моддасининг 5-бандига асосан даъво аризасини асосли равишда қайтарган.
2010 йил 17 май,
10-1019/3905-сон