Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳар бир даъво талабини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши лозим
[Кўчирма]
«Навоийазот» ОАЖ хўжалик судига мурожаат қилиб, суд ижрочисининг ҳаракатларини ноқонуний деб топишни, Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда суд ижрочилари вилоят бошқармаси деб юритилади) ва унинг Навоий шаҳар бўлимидан (бундан буён матнда суд ижрочилари шаҳар бўлими деб юритилади) 325624704 сўм ундиришни сўраган.
Даъвогар ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъво миқдорини 325624704 сўмдан 359602028 сўмга ўзгартирган.
Биринчи инстанция судининг 2008 йил 25 августдаги ҳал қилув қарори билан суд ижрочилари вилоят бошқармасидан даъвогар фойдасига 359602028 сўм ундирилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2008 йил 27 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация протестида суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш, кассация шикояти юзасидан билдирилган ёзма фикрда эса суд қарорларини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.
Судлов ҳайъати протест ва ёзма фикр важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, Навоий вилоят хўжалик судининг 21-0402/1804, 21-0702/5614, 21-0702/5711, 21-0702/5845, 21-0705/6242, 21-0705/6244-сонли ишлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатларига асосан суд ижрочилари шаҳар бўлими томонидан ижро иши қўзғатилган.
«Навоийазот» ОАЖ мазкур ижро ишлари юзасидан 359602028 сўм ижро йиғими ноқонуний ундирилган деб ҳисоблаб, жавобгарлардан ушбу қарзни ундиришни ҳамда суд ижрочисининг ҳаракатларини ноқонуний деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция суди ишни кўришда процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйган.
Суд ижрочисининг ҳаракатларини ноқонуний деб топиш ҳақидаги даъво талаби муҳокама қилинмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 138-моддасининг олтинчи қисмига асосан ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳар бир даъво талабини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши лозим.
Бундан ташқари, иш ҳужжатларида фақат 34866000 сўм ижро йиғимини ундириш ҳақида 2008 йил 16 январдаги мемориал ордери мавжуд. Аммо, суд 324736028 сўм ижро йиғими ундирилганлигини асословчи далилларни суд ижрочилари вилоят бошқармасидан талаб қилиб олиб, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 11-моддасига кўра текширмасдан, ундан 359602028 сўм ундирган.
Суднинг ҳал қилув қарори иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган ва тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлсагина, асослантирилган ҳисобланади. Ҳал қилув қарори иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида» 2007 йил 15 июндаги 161-сон қарорининг 3-бандида тушунтириш берилган.
Апелляция инстанцияси суди эса ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бермасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди суд ижрочисининг ҳаракатларини ноқонуний деб топиш ҳақидаги талабни муҳокама қилиб, 324736028 сўм ижро йиғими ундирилганлигини асословчи далилларни суд ижрочилари вилоят бошқармасидан талаб қилиб олиб ва текшириб, тарафларнинг важларига ҳуқуқий баҳо бериб, суд харажатларини ундириш масаласини ҳал этиб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.
2009 йил 28 апрель,
21-0803/3587-сон