Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Даъво аризаси имзоланмаган ёки имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, иш кўрмасдан қолдирилади
[Кўчирма]
«Тайёрловсавдо» МЧЖ номидан Х.Кадирова Ўртачирчиқ туман ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, шу инспекциянинг 2008 йил 17 ноябрдаги 1-сон баённомасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида суд ажримини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд ажримини бекор қилиб, даъвони кўрмасдан қолдиришни лозим топади.
Биринчи инстанция суди процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолда ишни кўриб чиққан.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 88-моддасининг 3-бандига кўра, даъво аризаси имзоланмаган ёки имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, иш кўрмасдан қолдирилади.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, даъво аризасини «Тайёрловсавдо» МЧЖнинг директори сифатида Х.Кадирова имзолаган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Раёсатининг 2008 йил 29 сентябрдаги қарорида Х.Кадирова «Тайёрловсавдо» жамоа корхонасига, шунингдек 2003 йилда ушбу корхона асосида қайта ташкил этилган «Тайёрловсавдо» МЧЖга ноқонуний раҳбарлик қилганлиги ҳолати қайд этилган.
Жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман судининг 2008 йил 24 декабрдаги ажрими билан Х.Кадированинг 1997 йил 1 апрелда «Тайёрловсавдо» жамоа корхонасида бош ҳисобчи лавозимига ишга қабул қилиниб, 1999 йил 11 май куни «Тайёрловсавдо» жамоа корхонасига директор этиб тайинланиши тўғрисида сохта баённома тузганлиги, сўнгра мазкур баённома асосида ўзини мазкур корхонага бош директор вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш ҳақида буйруқ чиқариб, ўзбошимчалик билан корхона раҳбарлигини эгаллаганлиги, 2004 йилда такроран сохта ҳужжат тузиб, туман ҳокимлигига тақдим этиб, мазкур ҳужжатлар асосида туман ҳокимлигининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси томонидан 2004 йил 12 март куни «Тайёрловсавдо» жамоа корхонасини масъулияти чекланган жамиятга айлантирганлиги ҳолатлари тасдиқланган. Ушбу ажрим ҳозирги пайтда қонуний кучда.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурий бўлиб, юқорида баён этилган ҳолатлар «Тайёрловсавдо» МЧЖ номидан хўжалик судига киритилган даъво аризасини Х.Кадирова имзолаш ваколатига эга эмаслигидан далолат беради.
Бундан ташқари, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасида жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамият бошқарувининг олий органи ҳисобланиши, 30-моддасида эса жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамиятнинг ижро этувчи органларини тузиш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ваколатига эга эканлиги, 32-моддасида жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамиятнинг уставида белгиланган ҳолларда, шунингдек агар бундай умумий йиғилишни ўтказишни жамиятнинг ва унинг иштирокчиларининг манфаатлари тақозо этса, бошқа ҳолларда ҳам ўтказилиши мумкинлиги белгиланган.
2008 йил 5 октябрда жамиятнинг ва унинг иштирокчиларининг манфаатлари тақозоси туфайли жамият иштирокчиларининг, яъни жамиятнинг 10 нафар таъсисчиларининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилган ва 2-сон йиғилиш қарори билан «Тайёрловсавдо» МЧЖнинг раҳбари этиб, Б.Саиднасимов сайланган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати даъво аризаси «Тайёрловсавдо» МЧЖнинг номидан даъво аризасини имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган деб топади ва шу муносабат билан суд ажримини бекор қилиб, даъвони кўрмасдан қолдиришни лозим деб ҳисоблайди.
2009 йил 14 апрель,
11-0921/545-сон