Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, иш юритиш тугатилади
[Кўчирма]
«Termiz-bunyodkor-invest» хусусий корхонаси хўжалик судига мурожаат қилиб, Термиз шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 83705050 сўмлик 121 дона инкассо топшириқномаларини ижро этилиши мумкин эмас деб топишни ва уларни хусусий корхонанинг ҳисоб рақамидан олиб ташлашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиш, даъвогарнинг ёзма фикрида эса кассация шикоятини рад этиб, суд қарорларини кучда қолдириш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят ва ёзма фикр важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгартиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2003-2004 йилларда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастури тўғрисида» 2003 йил 17 апрелдаги 185-сонли қарорига асосан «ПСМ-5» очиқ турдаги акциядорлик жамияти устав жамғармасидаги давлат улуши ва жойлаштирилмаган активлари 2003-2004 йилларда биржа ва биржадан ташқари бозорларда тўлиқ сотилиши керак бўлган хусусийлаштирилган корхоналар рўйхатига киритилган.
Қайд этилган қарор ва «ПСМ-5» очиқ турдаги акциядорлик жамияти акциядорлари умумий йиғилишининг 2003 йил 30 майдаги 2-сонли қарорига асосан 2003 йил 31 декабрда Сурхондарё вилоят давлат мулки бошқармаси томонидан 661-сонли қарор қабул қилинган. Мазкур қарорда «ПСМ-5» очиқ турдаги акциядорлик жамияти Б.Жалиловага хусусий мулк қилиб берилганлиги эътироф этилган.
Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан 2004 йил 4 февралда Б.Жалилова раҳбарлигидаги «Anis fariddun» хусусий корхонасининг Низоми 064-рақам билан рўйхатга олинган.
Термиз шаҳар давлат солиқ инспекцияси «ПСМ-5» очиқ турдаги акциядорлик жамиятининг 83703050,44 сўм боқиманда қарзларини унинг ҳуқуқий вориси бўлган «Anis fariddun» хусусий корхонасидан ундиришни сўраб судга мурожаат қилган. Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 18-0602/15046-сон иши бўйича 2007 йил 18 октябрдаги ҳал қилув қарори билан солиқ инспекциясининг ушбу даъво талаби рад этилган. Апелляция инстанцияси судининг 2007 йил 12 декабрдаги, кассация инстанцияси судининг 2008 йил 19 февралдаги қарорлари билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоят хўжалик судининг 19-0609/1495-сон иши бўйича қабул қилинган суд қарорлари билан «Anis fariddun» хусусий корхонасининг «ПСМ-5» очиқ турдаги акциядорлик жамияти мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлиши мумкин эмаслиги ҳолати исботланган.
«Anis fariddun» хусусий корхонаси «Termiz-bunyodkor-invest» хусусий корхонасига айлантирилган ва Термиз шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси давлат реестрида 2008 йил 19 сентябрда 661-сон билан рўйхатга олган. Шу сабабли, «Termiz-bunyodkor-invest» хусусий корхонаси хўжалик судига мурожаат қилиб, «ПСМ-5» очиқ турдаги акциядорлик жамиятининг боқиманда қарзларини ундириш мақсадида унинг ҳисоб рақамига қўйилган инкассо топшириқномаларини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш ва уларни ҳисоб рақамдан олиб ташлашни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг иккинчи қисмига кўра, хўжалик судининг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар, худди шу шахслар иштирокчиси бўлган бошқа ишни суд кўраётганда янгидан исбот қилинмайди.
«Termiz-bunyodkor-invest» хусусий корхонасидан «ПСМ-5» очиқ турдаги акциядорлик жамиятининг боқиманда қарзларини ундириш мумкин эмаслиги юқорида баён этилган суд қарорлари билан исботланган. Шу сабабли, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг иккинчи қисмига асосланган ҳолда солиқ инспекциясининг «Termiz-bunyodkor-invest» хусусий корхонаси ҳисоб рақамига қўйган инкассо топшириқномаларини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш ҳақида асосли тўхтамга келган.
Аммо суднинг «Termiz-bunyodkor-invest» хусусий корхонасининг ҳисоб рақамидан инкассо топшириқномаларини олиб ташлаш ҳақидаги хулосаси билан келишиб бўлмайди. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 24-моддаси биринчи қисмининг 10-бандида ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги низолар хўжалик судлари судловига тааллуқли эканлиги белгиланган. Бироқ, хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномаларини олиб ташлаш тўғрисидаги даъво ушбу моддада ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда хўжалик судининг судловига тааллуқлилиги кўрсатилмаган.
«Termiz-bunyodkor-invest» хусусий корхонасининг ҳисоб рақамидан инкассо топшириқномаларини олиб ташлаш ҳақида даъво талаби хўжалик судининг судловига тааллуқли бўлмаса-да, суд унинг даъво талабини мазмунан кўриб хатоликка йўл қўйган. Ваҳоланки, ишнинг хўжалик судига тааллуқлилиги Хўжалик процессуал кодексининг 23 ва 24-моддалари талабларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида» 2007 йил 15 июндаги 162-сон қарорининг 19-бандида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 1-бандига асосан низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, иш юритиш тугатилади.
Бундан ташқари, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида асоссиз равишда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддасига биноан ундириладиган суммага мутаносиб равишда давлат божи ундирилиши белгиланади, деб қайд этилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 21-бандида давлат солиқ хизмати органлари барча ишлар ва ҳужжатлар бўйича, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод этилган. Даъвогар томонидан эса олдиндан давлат божи тўланмаган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгартиришни, ҳал қилув қарорининг «Termiz-bunyodkor-invest» хусусий корхонасининг ҳисоб рақамидан инкассо топшириқномаларини олиб ташлаш ҳақидаги қисмини бекор қилиб, мазкур талаб бўйича иш юритишни тугатишни, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддасига биноан ундириладиган суммага мутаносиб равишда давлат божи ундирилади», деган қисмини бекор қилишни лозим топади.
2010 йил 19 январь,
19-0902/8399-сон