Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ҳал қилув қарори иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас
[Кўчирма]
Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Самарқанд вилоят бошқармаси хўжалик судига мурожаат қилиб, «Пахтачи туман МТП» очиқ акциядорлик жамиятига нисбатан энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, «Пахтачи туман МТП» очиқ акциядорлик жамияти 2005 — 2007 йиллар якуни бўйича Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Самарқанд вилоят бошқармасига ҳисоботлар тақдим қилган.
Даъвогар ушбу ҳисоботлар жавобгар томонидан қалбаки ҳужжатлар асосида расмийлаштирилиб, атайин нотўғри маълумотлар берилган деб ҳисоблаб, жавобгарга «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 55-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъвони рад этиш ҳақида барвақт хулосага келган.
Даъво аризасида «Пахтачи туман МТП» очиқ акциядорлик жамиятининг 58,42 фоиз — 64021 дона акциялари 2006 — 2008 йилларда тугатилган ширкат хўжаликлари балансида бўлганлиги, аммо ушбу йилларда ўтказилган умумий йиғилишларда кворум бўлмаслиги аниқ бўлса-да, умумий йиғилиш ўтказилганлиги ҳақида нотўғри маълумотлар берилганлиги, 2007 йил якуни бўйича ўтказилган йиғилиш қарорида овозлар сони бюллетенлар сонига мос келмаслиги ҳақидаги важлар билдирилган.
Аммо суд даъво аризасида келтирилган ушбу важларни текширмасдан, даъвони рад этган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 11-моддасига кўра, хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.
Суднинг ҳал қилув қарори иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган ва тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлсагина асослантирилган ҳисобланади. Ҳал қилув қарори иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида» 2007 йил 15 июндаги 161-сон қарорининг 3-бандида тушунтириш берилган.
Апелляция инстанцияси суди эса ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бермасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Қайд этилганларга кўра судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди даъво аризасида келтирилган ҳар бир важни текшириб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, ишни кўриш натижаларига қараб суд харажатларини ундириш масаласини ҳал этиб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.
2009 йил 21 апрель,
14-0803/17825(30)-сон