Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Бир неча мустақил талаблардан иборат бўлган даъвонинг баҳоси барча талабларнинг суммаси билан белгиланиши лозим
[Кўчирма]
«Усто Абраҳмат бобо» фермер хўжалиги хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Раҳматулло ўғли Муҳаммади» фермер хўжалигини 18,0 га ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни ва ернинг эгаллаб олиниши натижасида етказилган 2000000 сўм миқдордаги зарарни ундиришни сўраган.
Суднинг 2008 йил 16 июндаги ажрими билан ишга Шеробод туман ер ресурслари ва Давлат кадастр бўлими жалб этилган.
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабининг «Раҳматулло ўғли Муҳаммади» фермер хўжалиги томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган «Усто Абраҳмат бобо» фермер хўжалигининг 18,0 га ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш қисми қаноатлантирилган. Даъво талабининг зарарни ундириш қисми рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабларини рад қилиш сўралган.
Протестда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати иш материалларини, кассация шикояти ва протестида келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Шеробод туман ҳокимининг 2003 йил 29 майдаги 481-сонли қарори билан «Наврўз» ширкат хўжалиги ҳудудининг 1-49 сонли контуридан 608,2 га ер майдони 50 йил муддатга «Усто Абраҳмат бобо» фермер хўжалигига ажратилган.
Шунингдек, Шеробод туман ҳокимининг 2003 йил 10 сентябрдаги 668-сонли қарори билан «Наврўз» ширкат хўжалиги ҳудудининг 1-48 сонли контуридан 150,0 га ер майдони 50 йил муддатга «Жўра ўғли Раҳматулло» фермер хўжалигига ажратилган.
Даъвогар ўзига ажратилган 18,0 га ер майдони «Раҳматулло ўғли Муҳаммади» фермер хўжалиги томонидан ноқонуний эгалланган деб ҳисоблаб, уни ер майдонидан чиқаришни сўраган.
Биринчи инстанция суди ишни кўришда «Раҳматулло ўғли Муҳаммади» фермер хўжалиги ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер майдони ҳақиқатан ҳам «Усто Абраҳмат бобо» фермер хўжалигига ажратилган ер майдони контурида эканлигини, ҳозирги кунда ушбу 18,0 га ер майдонидан ким фойдаланаётганлиги ҳолатларини тўлиқ ўрганмаган. Шеробод туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими мутахассисининг берган кўрсатмалари асосида даъвони қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келинган.
Шунингдек, судга тақдим этилган «Усто Абраҳмат бобо» фермер хўжалигига ажратилган ер майдони харитаси ва «Жўра ўғли Раҳматулло» фермер хўжалигига ажратилган ер майдони харитаси ўртасида тафовут бор ёки йўқлигига аниқлик киритилмаган.
Бундан ташқари, биринчи инстанция суди «Жўра ўғли Раҳматулло» фермер хўжалигини ишга жалб қилиш масаласини ҳал этмаган. Ваҳоланки, иш ҳужжатларида мазкур фермер хўжалигига оид ҳужжатлар мавжуд бўлиб, суд томонидан уларга баҳо берилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 92-моддасининг иккинчи қисмида бир неча мустақил талаблардан иборат бўлган даъвонинг баҳоси барча талабларнинг суммаси билан белгиланиши таъкидланган.
Биринчи инстанция суди давлат божи ундиришда даъво талабининг ер майдонидан мажбурий чиқариш қисми бўйича 208650 сўм давлат божи ундириб, даъво талабининг 2000000 сўм зарарни ундириш қисми бўйича давлат божини ундириш масаласини ҳал қилмасдан хатоликка йўл қўйган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 61-моддасининг биринчи қисмига кўра, хўжалик суди ишдаги мавжуд далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳолайди.
Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди далилларга етарлича баҳо бермасдан, даъвони қисман қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келган деб ҳисоблайди.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб топади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди баён этилган камчиликларни бартараф этиб, низоли бўлган 18,0 га ер майдони қайси контурда жойлашганлигига мутахассислар иштирокида жойида аниқлик киритиб, «Жўра ўғли Раҳматулло» фермер хўжалигини ишга жалб этиш масаласини ҳал қилиб, ишдаги тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим бўлади.
2009 йил 25 февраль,
19-0802/3548-сон