Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2011 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2011 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2011 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2011 йил биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 42,0 млрд cўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида назарда тутилган демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ва изчил иш олиб борилишини таъминлаш учун корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича стратегик аҳамиятга молик ва самарали инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини кредитлаш ҳажмлари янада оширилишини, рақобатбардош маҳсулот ҳажмлари кўпайтирилишини ва иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳияти ўсишини, солиқ тушумлари механизми такомиллаштирилишини, Давлат бюджетининг ғазна ижроси бўйича чора-тадбирлар кучайтирилишини, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини ва бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилишини, шунингдек аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш учун харажатлар тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилишини, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг ҳамда 2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджет маблағларидан аниқ мақсадда фойдаланилишини таъминлашга ҳамда бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришга, солиқ базасини ва минтақаларнинг молиявий салоҳиятини кенгайтириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетлар харажатларининг тўлиқ молиялаштирилишини таъминлашга қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2011 йил 17 июнь,
312-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 й., 6-сон, 143-модда)