Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати томонидан киритилган 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
2012 йилда ҳудудлар ва бандлик йўналишлари бўйича 967,5 мингта янги иш ўрни ташкил этиш дастури сўзсиз бажарилиши юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
ўз саъй-ҳаракатларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини, меҳнат бозорининг жорий ҳамда истиқболдаги эҳтиёжларини, нуфус ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг рўёбга чиқарилишига қаратсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари;
тегишли ҳудудларда 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида белгиланган асосий йўналишлар ва кўрсаткичлар бажарилишини таъминласинлар;
асосий эътиборни иш билан банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш юзасидан фаол чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан ишсизликнинг олдини олишга, шу жумладан, иш ўринлари ташкил этишга, аҳолининг кам таъминланган тоифаларини, биринчи навбатда, кўп болали аёллар, ногиронлар ва ишсизларни иш билан таъминлашнинг самарали шаклларини ривожлантиришга, оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этишга, касаначиликни рағбатлантиришга, бўшаб қолган ходимларни, таълим муассасаларининг битирувчиларини, энг аввало, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштиришга, мунтазам амал қилиб турувчи «корхона — коллеж» алоқаларини йўлга қўйишга қаратсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳамда зарур материалларни йилнинг ҳар чорагида Қонунчилик палатасига юборсин.
5. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
6. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2011 йил 23 ноябрь,
410-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 й., 11-сон, 326-модда)