Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси 2006 йилги Давлат бюджетининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилги Давлат бюджети унинг тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,5 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
иқтисодиётнинг янада эркинлаштирилишини ҳамда бозор ислоҳотлари, банк ва молия тизимларидаги ислоҳотлар чуқурлаштирилишини, бюджет маблағларидан самарали ҳамда белгиланган мақсадда фойдаланилишини таъминласин;
хусусий секторни жадал ривожлантиришга, унинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини оширишга, кичик бизнес ва фермерликни, қишлоқ хўжалиги ерларини мелиорациялаш ва реконструкция қилишни рағбатлантиришга, транспорт инфратузилмаси ва коммуникацияларини такомиллаштиришга, уй-жой-коммунал хўжалигини яхшилашга кўмаклашадиган комплекс чора-тадбирлар белгиласин;
бюджет маблағлари таълимни ривожлантиришга, аҳолига тиббий хизмат кўрсатилишини яхшилашга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлашга, қишлоқ аҳолисини ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлашга, шунингдек барча ҳудудларда бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини қабул қилинган давлат дастурлари вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда амалга оширилишига алоҳида эътибор берган ҳолда янада кучайтиришга устувор тарзда ажратилишини назарда тутсин;
иқтисодиётга ва аҳоли даромадларига тушаётган солиқ юкини изчиллик билан камайтира бориш, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда бюджетга тўлашни соддалаштириш, солиқ тизимини такомиллаштириш ишларини давом эттирсин;
иқтисодиётнинг барча соҳаларида давлат харажатларининг самарадорлиги оширилишига, бюджет маблағларини ҳар томонлама тежашга қаратилган таркибий ўзгаришларни амалга оширсин;
Давлат бюджетининг тақчиллигини давлат облигацияларини жойлаштиришдан келадиган тушумлар ҳамда бошқа ноинфляциявий манбалар ҳисобидан молиялаштирсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджет даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласинлар, минтақаларнинг солиқ базаси ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан самарали чора-тадбирларни амалга оширсинлар, бюджет маблағларидан қонуний фойдаланилиши устидан амалий ва таъсирчан назорат ўрнатсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси ўринбосари Ф. МУҲИТДИНОВА
Тошкент ш.,
2005 йил 2 декабрь,
99-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 12-сон, 445-модда)