Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
2005 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетининг даромадлари унинг харажатларидан 53,0 млрд сўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилганлиги ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,5 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджети харажатлари самарадорлиги янада оширилиши ва мақбуллаштирилишини, қатъий пул-кредит сиёсати ўтказилишини, солиқ тушумлари механизми такомиллаштирилишини, миллий валюта курсининг мустаҳкамланишини, шунингдек бюджетнинг биринчи навбатдаги харажатларини, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилиш тадбирларини ҳамда бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга оид бошқа тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин, бунда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга оширишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори тегишли минтақалар бўйича бюджет тўловлари тўлиқ тушишини таъминлаш, минтақаларнинг солиқ базаси ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 15 декабрь,
181-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 12-сон, 435-модда)