Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Минтақавий муаммоларни умумдавлат манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал этишнинг ҳуқуқий механизмлари ва таомиллари тўғрисида
Умумдавлат ва минтақавий манфаатлар мутаносиблигини таъминлаш, шунингдек минтақавий муаммоларни ҳал этишнинг ҳуқуқий механизмлари ва таомилларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Минтақавий ривожланиш масалаларини ўрганиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг мажлисларида кўриб чиқиш учун Сенат аъзолари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари иштирокида комиссиялар тузилсин.
2. Сенат қўмиталари минтақавий ривожланиш масалалари бўйича мажлисларни, шу жумладан сайёр мажлисларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари вакиллари билан биргаликда ўтказсинлар.
3. Минтақаларнинг қонунни қўлланиш амалиётини ўрганиш, фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш ва умумлаштириб бориш, норматив-ҳуқуқий базани уйғунлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан ижро этилиши устидан доимий мониторинг ўтказилишини таъминласинлар.
4. Сенат қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг минтақалар манфаатларига дахлдор қарорлари лойиҳаларини вакиллик ҳокимиятининг тегишли маҳаллий органлари билан биргаликда ишлаб чиқсинлар.
5. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси тасдиғига киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси ўринбосари Ф. МУҲИТДИНОВА
Тошкент ш.,
2005 йил 21 ноябрь,
91-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 11-сон, 406-модда)