Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилга мўлжалланган Давлат бюджетининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тақдим этилиб, муҳокама қилиш мобайнида Қонунчилик палатаси депутатлари билдирган таклиф ва мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилга мўлжалланган Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,5 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантирилишига, қатъий пул-кредит сиёсати ўтказилишига, миллий валютанинг мустаҳкамланишига, бюджет маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланилишига қаратилган чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилишини таъминласин;
хўжалик юритувчи субъектларнинг ишчанлик фаоллигини оширишга, кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни ҳар томонлама рағбатлантиришга, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган рақобатбардош истеъмол товарлари билан тўлдиришга, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда товарлар ва хизматлар экспортини кўпайтиришга кўмаклашадиган чора-тадбирлар қабул қилсин;
иқтисодиёт зиммасидаги солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тартибини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш ишларини давом эттирсин;
иқтисодиётнинг барча секторларида давлат харажатларининг самарадорлиги оширилишига ва оқилона мақбуллаштирилишига, бюджет маблағларини ҳар томонлама тежашга қаратилган таркибий ўзгаришларни амалга оширсин;
бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини янада кучайтиришни таъминласин, бунда қабул қилинган давлат дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор берсин;
Давлат бюджетининг тақчиллигини давлат облигацияларини жойлаштиришдан келадиган тушумлар ҳамда пулнинг қадрсизланишига тааллуқли бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирсин.
3. Қорақалпоғистон Республикасининг давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджет даромадларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласинлар, минтақаларнинг солиқ базаси ва молиявий салоҳияти кенгайтирилиши юзасидан самарали чора-тадбирлар қабул қилсинлар, бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсинлар.
4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 14 ноябрь,
153-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 11-сон, 377-модда)