Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2005 йил биринчи ярим йиллигида Давлат бюджетининг даромадлари унинг харажатларидан 67,7 млрд сўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни эркинлаштириш жараёнлари янада чуқурлаштирилишини, солиқ тушумлари механизми такомиллаштирилишини, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини, шунингдек бюджетнинг биринчи навбатдаги харажатларини, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилишга доир тадбирларни ҳамда бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга оид бошқа тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори тегишли минтақалар бўйича бюджет даромадлари кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини, минтақаларнинг солиқ базасини ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 29 сентябрь,
119-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 9-сон, 324-модда)