Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тақдим этилиб, муҳокама қилиш мобайнида Қонунчилик палатаси депутатларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
мамлакатни макроиқтисодий жиҳатдан барқарор, жадал ва мувозанатли ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин;
аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини оширишга қаратилган иқтисодий ўсишнинг юқори даражаларига эришилишини таъминласин;
иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни давом эттирсин, юқори технологияли ҳозирги замон тармоқлари ва ишлаб чиқаришлари илдам ривожлантирилишини, чет эл инвестициялари кенг жалб этилишини ва чет эл инвесторлари учун янада мақбул шароитлар яратилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси маҳсулотининг экспорти рағбатлантирилишини таъминласин;
самарали инвестиция сиёсати ўтказиш ва стратегик аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш орқали ишлаб чиқаришни янада модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини тезкор янгилаш учун мақбул шароитлар яратсин;
хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган солиқ маъмуриятчилиги соддалаштирилиши, солиқ солиш объектларини камайтириб кўрсатиш ва яшириш фактларининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар кўрсин;
инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини комплекс ҳамда тезкор ривожлантириш борасидаги ишларни кучайтирсин;
бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишига ва уларнинг асоссиз сарфланишига ғазна ижроси орқали барҳам бериш устидан назорат қилинишини таъминласин;
иш ҳақи, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва пенсияларнинг миқдорларини изчил равишда инфляция суръатларига нисбатан илдам ошириб бориш, ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун маблағларни ўз вақтида молиялаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини давом эттирсин;
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури сўзсиз бажарилиши юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин;
инфляциянинг белгиланган энг юқори даражасидан ошиб кетишига йўл қўйилмаслигини таъминласин, шунингдек Давлат бюджети тақчиллиги ноинфляциявий манбалар ҳисобига молиялаштирилишини назарда тутсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Давлат бюджетининг кўрсаткичлари сўзсиз бажарилишини, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари сифатли режалаштирилиши ва улар ўз вақтида молиялаштирилишини, бюджет ташкилотлари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз ва ғайриқонуний сарфланишининг олди олинишини таъминласин, минтақаларнинг солиқ солинадиган базасини кенгайтириш ва молиявий салоҳиятини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.
4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
5. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2011 йил 18 ноябрь,
407-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 й., 11-сон, 323-модда)