Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2004 йилдаги ва 2005 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2004 йилдаги ва 2005 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши шуни таъкидлайдики, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳамда унинг жойлардаги бўлинмаларининг ўтган даврдаги фаолияти атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлашга ҳамда экологик вазиятни соғломлаштириш ишларини амалий жиҳатдан ташкил этишга қаратилди.
Табиий муҳит ҳолатининг барқарорлашиб ва яхшиланиб бориш тамойили кўрина бошлади, ифлослантирувчи моддаларни атмосферага чиқариб ташлаш ва ифлос оқова сувларни оқизиш ҳоллари камайиб бормоқда, чиқиндилардан иккиламчи тарзда фойдаланиш кўлами кенгаймоқда. Тайёрланишида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси иштирок этган «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонун (янги таҳрирда) ҳамда 50 дан ортиқ норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ахборот маркази очилди, янада тозароқ технологиялар миллий маркази ташкил этилди.
Бироқ Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг табиатни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида идоралардан устун турувчи ва мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган сифатидаги иши қўйилаётган талабларга ҳозирча тўла-тўкис жавоб бераяпти деб бўлмайди.
Табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш юзасидан вазирликлар ва идораларнинг ишларини мувофиқлаштириб боришда камчиликлар мавжуд. Атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг 1999 — 2005 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурида назарда тутилган тўртта тадбир бажарилмаган. Атроф муҳит мониторингини олиб борувчи ахборот-таҳлил маркази ташкил этилмаган.
Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида оқова сувларни тозалаш иншоотлари қониқарсиз ишламоқда. Бухоро, Жиззах, Навоий, Тошкент вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида саноат корхоналаридан чиқиндилар чиқариб ташлаш кўпайиб бормоқда. Атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқаришни камайтириш, шу жумладан автомобиль транспортларидан шундай моддалар чиқарилишини камайтириш ҳамда энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш тадбирларини бажариш суръатлари етарли эмас. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг миллий стратегияси ва ҳаракат режаси ишлаб чиқилмаган. Ер ости бойликларини, умуман олганда ер қаърини муҳофаза қилиш, айниқса кенг тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб олиш устидан назорат етарлича самара билан олиб борилмаяпти.
Атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари бўйича корхоналардан қарзларни ундириш ишлари суст олиб борилмоқда. Хўжалик судларининг ҳал қилув қарорлари қабул қилинганидан кейин корхоналар томонидан тўланган тўлов суммалари қарз суммаларининг атиги 28,3 фоизини ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Б. Алихоновнинг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2004 йилдаги ва 2005 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг 2006 — 2010 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурининг лойиҳаларини маромига етказсин ва уларни 2005 йилнинг 1 октябрига қадар Олий Мажлис Сенати кўриб чиқиши учун киритсин;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий, услубий ва ахборот базасини такомиллаштириш ишларини давом эттирсин;
табиий ресурслардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширишда, табиатни муҳофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтирсин.
3. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
табиий муҳит ҳолати мониторингини олиб борувчи ахборот-таҳлил марказини ташкил этсин;
Атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг 1999 — 2005 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурини амалга ошириш ишларини кучайтирсин;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг иқтисодий механизмини такомиллаштирсин ҳамда амалиётга кенг жорий этсин;
атроф муҳитни ифлослантирувчи манбалар ҳамда атроф муҳит ҳолати мониторингини олиб бориш, табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини ахборот билан таъминлаш тизимини такомиллаштирсин;
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг миллий стратегияси ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқсин.
4. Қуйидагилар тавсия этилсин:
Иқтисодиёт ва Молия вазирликларига:
атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг 1999 — 2005 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиши учун бюджет маблағлари ўз вақтида ажратилишини таъминлаш;
атроф муҳитни молиялаштириш учун бир фоизли экологик солиқ маблағларини жалб этиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:
атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг 1999 — 2005 йилларга мўлжалланган ҳудудий ҳаракат дастурлари бажарилиши устидан назоратни кучайтириш;
табиатни муҳофаза қилишнинг назарда тутилган тадбирлари бажарилишини таъминлаш ҳамда бу тадбирларни молиялаштириш манбаларини қидириб топиш.
Тошкент вилоят ҳокимлигига Янгийўл шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилишининг техник-иқтисодий асосларига доир ишларни жадаллаштириш.
5. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Фанлар академияси ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда энергиянинг муқобил турлари технологияларини жорий этиш тадбирларини ишлаб чиқсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси тасдиғига киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси М. ШАРИФХЎЖАЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 23 август,
59-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 8-сон, 305-модда)