Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2004 йил юзасидан ҳисоботи тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2004 йилдаги фаолияти якунлари юзасидан ҳисоботини тинглаб, «Делойт энд Туш» халқаро аудиторлик компаниясининг хулосасини маълумот учун қабул қилиб ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси қарорини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2004 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2005 йил 28 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
2005 йилда қатъий пул-кредит сиёсатини амалга ошира бориб, пул муомаласини мустаҳкамласин, миллий валюта ва унинг айирбошлаш курси барқарорлигини таъминласин;
пул-кредит сиёсатини макроиқтисодий ва бюджет кўрсаткичларига мувофиқ ҳолда олиб борсин, пул агрегатларини бошқаришда монетар сиёсатнинг бозор воситаларидан фойдаланилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини кўрсин;
пул бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, пул қадрсизланишининг жорий ва кутилаётган даражасини инобатга олиб, қайта молиялаш ставкасини қайта кўриб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 16 февралда қабул қилинган ПҚ-10-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ипотека кредитлари ажратишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўрсин;
тижорат банклари барқарорлигини мустаҳкамлаш, банкларни капиталлаштириш, уларнинг устав ва айланма маблағларини кўпайтириш, кредит қўйилмалари, маблағлари ҳамда ресурслари мажмуини соғломлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин;
бундан буён ҳам банк тизимига бўлган ишончни янада ошириш, аҳоли жамғармаларини банкларга жалб қилиш ишларини кенгайтириш, шунингдек кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини янада яхшилаш чора-тадбирларини кўрсин;
ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш бўйича, шу жумладан пластик ҳамда корпоратив карточкалар орқали ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш бўйича замонавий технологияларни амалиётга жорий этсин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси тасдиғига киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси М. ШАРИФХЎЖАЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 23 август,
58-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 8-сон, 304-модда)