Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган, уни муҳокама қилиш мобайнида Олий Мажлис депутатлари билдирган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда маромига етказилган Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги Давлат бюджети бюджет тақчиллигининг энг юқори даражаси (давлат мақсадли жамғармалари бунга кирмайди) ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 2,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
валюта бозорини ва ташқи иқтисодий фаолиятни янада эркинлаштириш шароитида Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлаш дастурини, иқтисодий ўсиш, тузилмавий ўзгаришларни рағбатлантиришга ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган инвестиция дастурини, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини ва ҳавфсизлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга оширишни таъминлансин;
Давлат бюджетини тақчиллигини қоплаш учун давлат мол-мулкини хусусийлаштиришдан, давлат хазина мажбуриятларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ва бошқа инфляцияга таъсир этмайдиган манбаалар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кредитлари жалб қилинишини назарда тутсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджетга тўловлар тўлиқ тушишини, харажатлар маҳаллий бюджетлардан ўз вақтида молиялаштирилишини ва давлат маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланиш устидан жиддий назорат қилинишини таъминласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
2002 йил 1 январь ҳолатига кўра Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштиришга бериладиган Марказий банк кредитларини Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ички қарзи ҳисобига киритилсин;
Молия вазирлигига 2002 йилда Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 0,5 фоиз миқдорида кредитлар ажратсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 6 декабрь,
305-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 1-сон, 5-модда)