Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2005 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2005 йил биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 47,4 млрд сўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,31 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни эркинлаштириш жараёнлари янада чуқурлаштирилишини, пул муомаласи мустаҳкамланишини, солиқ тушумлари механизми такомиллаштирилишини, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминласин, шунингдек бюджетнинг биринчи навбатдаги харажатларини, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилиш тадбирларини ҳамда бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга оид бошқа тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин, бунда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга оширишни давом эттиришга, шунингдек болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори тегишли минтақалар бўйича бюджет даромадлари кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини, минтақаларнинг солиқ базаси ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 14 июнь,
66-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 й., 6-сон, 197-модда)