Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастури тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастурини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватланишнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастури маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлашга йўлланаётган бюджет маблағларидан улар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига йўналтирилганлигини кучайтиришни назарда тутган ҳолда фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга йўлланаётган маблағларнинг тақсимланиши учун масъул бўлган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг молиявий негизини мустаҳкамлаш;
давлат ижтимоий мададини олувчилар қаторини бир йўла ана шундай ёрдамга муҳтожликни белгилашнинг қўшимча мезонларини жорий этган ҳолда кенгайтириш;
кам таъминланган оилаларнинг меҳнатга қобилиятли аъзолари иқтисодий фаоллигини ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга йўлланаётган кредит ресурсларининг ҳажмларини кўпайтириш ҳисобига аҳолининг анчагина қисмини кам таъминланганлар тоифасидан чиқариш;
ёшларни таълим жараёнига фаол жалб қилиш, янги типдаги ўқув юртларининг (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг) нуфузини ошириш, кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларнинг дарсликлар ва ўқув адабиётларидан эркин фойдалана олишини таъминлаш;
қишлоқ жойларда таълим жараёнининг сифат даражасини ошириш;
пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш ва кучайтириш;
давлат маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланиш устидан жиддий назоратни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўрсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 6 декабрь,
306-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 1-сон, 6-модда)