Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган, Олий Мажлис депутатларининг муҳокама мобайнида билдирган таклиф ва мулоҳазалари ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган Ўзбекистон Республикасининг 2003 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йилги Давлат бюджети бюджет тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 2,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда маъқуллансин.
Пул қадрсизланишига тааллуқли бўлмаган молиялаштириш манбалари Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбалари деб белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (Ў. Султонов):
иқтисодиётнинг барқарор ва изчил ривожланишини, қатъий пул-кредит сиёсати ўтказилишини, пул маблағларининг банкдан ташқари айланиши қисқартирилишини, миллий валютанинг янада мустаҳкамланишини, ижтимоий дастурлар устувор тарзда молиялаштирилишини, бюджет маблағлари иқтисод қилинишини таъминласин;
кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ялпи ички маҳсулотни шакллантириш ҳамда ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари билан тўлдиришдаги ролини кучайтириш учун бундай товарларнинг рақобатбардошлилигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда қўшимча омиллар яратсин;
Давлат бюджети тақчиллигини пул қадрсизланишига тааллуқли бўлмаган манбалар ҳисобидан, шу жумладан хусусийлаштиришдан тушадиган тушумлар, давлат мақсадли жамғармаларининг қолдиқ маблағлари, республика бюджетининг қолдиқ маблағлари ва ташқи қарзлар ҳисобидан молиялаштирсин;
йилнинг ҳар чораги бўйича мўлжаллаб қўйилган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши ҳамда Давлат бюджети ижроси таҳлили натижалари асосида Давлат бюджетининг кўрсаткичларига Давлат бюджети тақчиллигининг белгиланган доирасида, заруратга қараб, аниқлик киритиб борсин.
3. Давлат бюджетининг 2003 йил 1 январгача бўлган ҳолатдаги тақчиллигини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки берган кредитлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ички қарзига ўтказилиб, 2007 йилдан бошлаб 10 йил мобайнида тенг улушларда ундирилсин.
4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджетга тўловлар тўлиқ тушишини, харажатлар маҳаллий бюджетлардан ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласинлар ва бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан самарали назорат ўрнатсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 12 декабрь,
431-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 12-сон, 212-модда)