Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВИНО-АРОҚ МАҲСУЛОТЛАРИНИ УЛГУРЖИ ВА ЧАКАНА СОТИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги 707-сонли «Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вино-ароқ маҳсулотларининг ноқонуний айланиши ва улар нархларининг сунъий равишда оширилиши ҳолларининг олдини олиш, алкоголли маҳсулотлар савдосини ташкил этишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки:
республикада ишлаб чиқариладиган вино-ароқ маҳсулотлари билан улгуржи ва майда улгуржи савдо қилиш ҳуқуқи ишлаб чиқарувчи корхоналарга (фақат улар ҳудудидаги омборлардан), шунингдек «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» холдинг компаниясининг янги ташкил этилаётган ҳудудий ихтисослаштирилган улгуржи савдо базаларига берилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
вино-ароқ маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамасининг «Спирт ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг айланиши устидан давлат назоратини мустаҳкамлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1999 йил 5 январдаги 2-сон қарорида назарда тутилган малака талабларига мувофиқ вино-ароқ маҳсулотлари билан савдо қилиш ҳуқуқига эга бўлган савдо корхоналарига берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар:
ишлаб чиқарувчи корхоналарга ва ҳудудий ихтисослаштирилган улгуржи савдо базаларига вино-ароқ маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш;
вино-ароқ маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқига эга бўлган савдо ташкилотларига бу маҳсулотлар билан улгуржи ва майда савдо қилиш тақиқлансин.
3. «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» холдинг компанияси:
Кейинги таҳрирга қаранг.
бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида вино-ароқ маҳсулотларининг ҳудудий ихтисослаштирилган савдо базаларини белгиланган тартибда ташкил этсин ва уларни рўйхатдан ўтказсин ҳамда уларнинг фаолият кўрсатишини таъминласин;
республиканинг барча минтақаларини зарур ҳажмда ва турлардаги вино-ароқ маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг мунтазам маркетингини таъминласин;
икки ҳафта муддатда ўзига қарашли барча фирма дўконларини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказсин;
хизмат кўрсатувчи тижорат банклари билан биргаликда улгуржи савдо базалари ва фирма дўконларини зарур айланма маблағлар билан таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк билан биргаликда вино-ароқ маҳсулотларини улгуржи ва чакана сотишдан тушган тушумни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг махсус тартибини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
«Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» холдинг компаниясига ҳудудий ихтисослаштирилган савдо базаларини ташкил этишда ва уларнинг фаолиятини ташкил этишда кўмаклашсинлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
икки ҳафта муддатда вино-ароқ маҳсулотлари билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар, улардан улгуржи ва майда улгуржи савдо қилиш ҳуқуқини чиқариб ташлаган ҳолда, қайта рўйхатдан ўтказилишини таъминласинлар;
юридик шахсга вино-ароқ маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларни ҳар бир турғун савдо нуқтаси учун алоҳида берсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
вино-ароқ маҳсулотларининг ишлаб чиқарувчи корхоналардан сотилиши устидан назоратни кучайтирсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг улар ҳудудидан ташқаридаги омборларидан ва уларнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган фирма дўконлари орқали вино-ароқ маҳсулотларининг сотилишини тақиқласин;
спирт ва вино-ароқ ишлаб чиқарувчи корхоналарга тайинланган молия инспекторларини уларнинг касб лаёқатига талабчанликни кучайтирган ҳолда, жорий йилнинг март-апрель ойларида қайта аттестациядан ўтказсин.
7. Белгилансинки, савдо ташкилотлари томонидан вино-ароқ маҳсулотларини улгуржи ва чакана сотишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги учун ушбу фаолиятдан олинган барча даромад (фойда) ҳамда шу миқдордаги жарима Давлат бюджети даромадига олиб қўйилади, айбдор раҳбарлар ва мансабдор шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ва Давлат солиқ қўмитаси вино-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришда, уларнинг айланишида ва сотилишида қонун бузишлар ва суиистеъмолларнинг олдини олиш мақсадида таъсирчан ва мунтазам назоратни таъминловчи зарур комплекс чора-тадбирлар кўрсинлар.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Б.С. Ҳамидов, Б.М. Олимжонов ва М.З. Усмонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 26 март,
136-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 22-24-сон, 157-модда; 2006 й., 12-13-сон, 105-модда; 46-47-сон, 458-модда; 2007 й., 17-18-сон, 182-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.07.2018 й., 09/18/539/1519-сон)