Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2009 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 55,8 млрд сўм миқдорда ортиқ бўлди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз миқдорда профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсирини ва унинг Ўзбекистон иқтисодиёти учун келтириб чиқарган оқибатларини бартараф этиш, иқтисодий ўсиш суръатлари барқарорлигини ва макроиқтисодий мутаносибликни, бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни эркинлаштириш жараёнлари янада чуқурлаштирилишини, солиқ тушумлари механизми такомиллаштирилишини, қатъий пул-кредит сиёсати ўтказилишини, шунингдек иш ҳақи, стипендиялар, нафақалар ҳамда аҳолига бошқа ижтимоий тўловлар тўлаш учун бюджет харажатлари тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилишини, «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастурини рўёбга чиқариш юзасидан тадбирлар ўтказилишини таъминлаш борасидаги ишларни давом эттирсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори тегишли бюджетларга тўловларнинг тўлиқ тушиши таъминланиши зарурлигига, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилишига, минтақаларнинг солиқ базасини ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан амалий чоралар кўрилиши ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари молиялаштирилишига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2009 йил 24 август,
1063-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 й., 8-сон, 294-модда)