Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2005 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2005 йилга мўлжалланган Давлат бюджетининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тақдим этилиб, муҳокама қилиш мобайнида Олий Мажлис депутатлари билдирган таклиф ва мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2005 йилга мўлжалланган Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари маъқуллансин. Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиздан иборат бўлиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантирилишини, қатъий пул-кредит сиёсати ўтказилишини, миллий валютанинг мустаҳкамланишини, бюджет маблағларининг белгиланган мақсадда фойдаланилиши ва қатъий иқтисод қилинишини таъминласин;
иқтисодиётнинг барча секторларида давлат харажатларининг самарадорлиги оширилишига ва оқилона мақбуллаштирилишига қаратилган таркибий ўзгаришларни амалга оширсин;
бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини янада кучайтиришни таъминласин, бунда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор берсин;
иқтисодиёт зиммасидаги солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тартибини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш ишларини давом эттирсин, хўжалик юритувчи субъектларнинг ишчанлик фаоллигини оширишга, корхоналарнинг иқтисодий мустақиллигини, энг аввало олинган даромадларни тасарруф этиш масалаларидаги мустақиллигини кенгайтиришга кўмаклашадиган чора-тадбирлар қабул қилсин, кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни ҳар томонлама рағбатлантирсин;
Давлат бюджетининг тақчиллигини хусусийлаштиришдан, давлат облигацияларидан тушадиган тушумлар ҳамда пулнинг қадрсизланишига тааллуқли бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджет даромадларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини, минтақаларнинг солиқ базаси ва молиявий салоҳияти кенгайтирилиши юзасидан самарали чора-тадбирлар қабул қилинишини таъминласинлар, бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 2 декабрь,
701-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 й., 1-сон, 5-модда)