Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Швейцария Федерал Кенгаши ўртасида
Баённома
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Швейцария Федерал Кенгаши ўртасида даромад ва капиталнинг икки ёқлама солиққа тортилишини олдини олиш тўғрисидаги 2002 йил 3 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган Битимга ҳамда унинг Баённомасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Швейцария Федерал Кенгаши,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Швейцария Федерал Кенгаши ўртасида даромад ва капиталнинг икки ёқлама солиққа тортилишини олдини олиш тўғрисидаги 2002 йил 3 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган Битимга (кейинги ўринларда «Битим» деб номланади) ҳамда унинг Баённомасига (кейинги ўринларда «Баённома» деб номланади) ўзгартишлар киритиш тўғрисида Баённома тузиш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Янги 25 bis-моддаси (Маълумотлар алмашиш) Битимнинг 25-моддасидан кейин қўшилиб, қуйидаги таҳрирда баён этилиши лозим:
«25 bis-модда
Маълумотлар алмашиш
Маълумотлар алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг — ваколатли органлари ушбу Битим қоидаларини бажаришга тааллуқли ёки ушбу Битим билан қамраб олинган солиқларга оид миллий қонунчиликни бажариш ёхуд қўллаш, Битимга зид бўлмаган тарзда солиққа тортиш билан боғлиқ деб ҳисобланган маълумотларни алмашадилар. Маълумот алмашинуви 1-модда билан чекланмайди.
2. Аҳдлашувчи Давлат томонидан мазкур модданинг 1-бандига асосан олинган ҳар қандай маълумот мазкур Давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ олинган маълумот каби махфий ҳисобланади ҳамда фақат ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган солиқларни баҳолаш ёки ундириш, мажбурий ундириш ёхуд суд таъқиби ёки ушбу солиқларга нисбатан даъволар бўйича қарорлар қабул қилиш ёхуд бундай фаолиятни назорат қилиш билан шуғулланувчи шахслар ёки органларгагина (жумладан, судлар ва маъмурий органлар) ошкор этилиши мумкин. Бундай шахслар ва органлар маълумотлардан фақат кўрсатилган мақсадлардагина фойдаланадилар. Улар бундай маълумотни очиқ суд мажлисида ёки суд қарорларини қабул қилиш чоғида ошкор этишлари мумкин. Юқоридагилардан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлат томонидан олинган ахборотдан, башарти бундай маълумот ҳар икки давлат қонунчилигига мувофиқ мақсадларда фойдаланишга рухсат этилган бўлса, ҳамда маълумотни тақдим этаётган давлат ваколатли органининг бундай фойдаланишга розилиги мавжуд бўлса, бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади.
3. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 1- ва 2-бандлар қоидалари Аҳдлашувчи Давлатларга қуйидаги мажбуриятларни юклайдиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим:
a) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий тадбирлар ўтказиш;
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ёки одатдаги маъмурий амалиётига мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган маълумотни тақдим этиш;
c) ҳар қандай савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат, ёки касб сирини ёхуд савдо жараёнини ошкор қилувчи, ёки ошкор этилиши давлат сиёсатига (ordre public) хилоф ҳисобланган маълумотни тақдим этиш.
4. Агар бир Аҳдлашувчи Давлат томонидан ушбу модда қоидаларига мувофиқ маълумот сўралган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Давлат ўз солиқ мақсадлари учун бундай маълумотга эҳтиёж мавжуд бўлмаса ҳам, сўралаётган маълумотни йиғиш бўйича ўзининг имкониятларидан фойдаланиши лозим. Аввалги жумлада назарда тутилган мажбурият 3-банд қоидаларига мувофиқ чекланиши мумкин, бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам, бундай чекловлар ички манфаатлар мавжуд эмаслиги сабабли маълумот тақдим этишни рад қилиш учун Аҳдлашувчи Давлатга ижозат берадиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим.
5. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, 3-банд қоидалари маълумот банк, бошқа молиявий муассаса, номинал эгалик қилувчи ёхуд агент ёки ишончли бошқарувчи сифатида ҳаракат қилаётган шахснинг тасарруфида эканлиги ёки у акциядорлик капиталидаги улушга тегишли маълумот эканлиги сабабли уни тақдим этишдан рад қилиш учун Аҳдлашувчи Давлатга ижозат берадиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим. Бундай маълумотни олиш учун Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқ идоралари, агар мазкур бандга асосан ўз мажбуриятларини бажариш учун талаб этилаётган бўлса, 3-банд қоидаларига, ёки миллий қонунчилигига зид келишидан қатъий назар, ушбу бандда қамраб олинган маълумотни ошкор этиш ҳуқуқига эга бўлишлари лозим».
2-модда
Қуйидаги янги 5-банд Битим Баённомасига киритилиши лозим:
«5. Битимнинг 25 bis-моддасига (Маълумотлар алмашиш) таянган ҳолда.
a) Келишиб олиндики, маълумот алмашинуви фақат сўраётган Аҳдлашувчи Давлат ўзининг ички солиққа тортиш процедураларига биноан маълумот олишнинг бошқа барча одатий манбаларидан фойдаланиб бўлганидан сўнг амалга оширилади.
b) Келишиб олиндики, мазкур Битимнинг 25 bis-моддаси (Маълумотлар алмашиш) қоидаларига мувофиқ маълумот тақдим этиш тўғрисидаги сўровномани юбориш чоғида сўраётган Давлатнинг солиқ идоралари сўралаётган Давлатга қуйидаги маълумотларни тақдим этади:
(i) текширилаётган ёки тергов олиб борилаётган кишининг шахсига доир маълумотлар;
(ii) маълумот сўралаётган даврнинг оралиғи;
(iii) сўралаётган маълумот тўғрисида ариза, шу жумладан, сўраётган Давлат сўралаётган Давлатдан уни қандай мазмунда ва шаклда тақдим этилишини кўрсатган ҳолда;
(iv) маълумот талаб этилаётган солиқ мақсади;
(v) маълум даражада, сўралаётган маълумотга эгалиги тахмин қилинаётган шахснинг номи ва манзили.
c) Келишиб олиндики, «алоқадор бўлишлик» мезони солиққа тортишга оид маълумот алмашинувига имкон қадар кенгроқ эришиш мақсадини кўзда тутади, айни чоғда, Аҳдлашувчи Давлатлар тасодифий хусусиятга эга (fishing expeditions), ёки муайян солиқ тўловчининг фаолиятига боғлиқ бўлмаган сўровномалар юбориш ҳуқуқига эга эмасликларини тушунтириш учун хизмат қилади.
Бироқ (б) кичик банди тасодифий хусусиятга эга (fishing expeditions) сўровномаларнинг олдини олишга қаратилган муҳим процедура талаблари жой олган бўлсада, шунга қарамай, (b) кичик бандининг (i) дан (v) гача бўлган қоидалари самарали маълумот алмашинувини бузадиган тарзда талқин этилмаслиги лозим.
d) Келишиб олиндики, Битимнинг 25 bis-моддаси (Маълумотлар алмашиш) Аҳдлашувчи Давлатлардан автоматик ёки тасодифий асосда маълумот алмашинувини талаб этмайди.
е) Келишиб олиндики, маълумот алмашиш чоғида сўралаётган Аҳдлашувчи Давлатда кўзда тутилган солиқ тўловчининг ҳуқуқларига оид маъмурий процедура қоидалари ўз кучини сақлайди. Шунингдек, келишиб олиндики, ушбу қоидалар солиқ тўловчи учун адолатли процедурани кафолатлашга қаратилган, аммо бундай маълумот алмашинуви жараёнини асоссиз тўхтатиш ёки кечиктириш учун асос бўла олмайди».
3-модда
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат ушбу ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Баённоманинг кучга кириши учун ўз қонунчилигига мувофиқ зарур процедураларни бажарганлиги тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Давлатни дипломатик каналлар орқали хабардор қилади. Ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Баённома юқорида кўрсатилган хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Баённоманинг қоидалари Битимнинг 25 bis-моддасига (Маълумотлар алмашиш) мувофиқ, тегишли молиявий йил ёки бизнес йил учун маълумот алмашиш тўғрисида сўровномалари мазкур ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Баённома кучга кирган йилдан кейинги календарь йилнинг биринчи январидан бошлаб амал қилади.
Тегишли тартибда ўз ҳукуматлари томонидан ваколатланган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб, ушбу ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Баённомани имзоладилар.
Берн шаҳрида 2014 йил 1 июлда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, немис ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ўзбек ва немис тилларидаги матнларни талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)