Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ БИЛАН УЛГУРЖИ ВА ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 471-сонли «Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини аниқлашда давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Товар айланишини ҳисобга олишни тартибга солиш ва нақд пулнинг банк муассасаларига тушишини таъминлаш, эмиссияни қисқартириш ва нақд пулнинг банкдан ташқари муомалада бўлишига қарши курашни кучайтириш, шунингдек истеъмол товарларига чакана нархларнинг асоссиз равишда ўсишини тўхтатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қapop қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банкларига улар савдо корхоналари ва ташкилотлари рўйхатдан ўтказилиши ва уларнинг счётларини очилишини зарур даражада назорат қилмаётганлиги, натижада чакана нархларни сунъий равишда кўтараётган савдо-воситачилик тузилмалари ташкил этилаётганлиги кўрсатиб ўтилсин.
2. Белгилансинки, 1999 йил 1 апрелдан бошлаб:
улгуржи савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига моддий-техника базасига эга бўлган, товарларни чакана савдо корхоналарига бериш учун уларнинг туркумлари сақланиши, танланиши, навларга ажратилиши ва туркумланишини таъминлайдиган юридик шахслар эга бўладилар;
юридик шахслар (товар ишлаб чиқарувчи корхоналар ва уларни улгуржи етказиб берувчилар) томонидан товарлар белгиланган намунадаги касса аппаратлари билан жиҳозланган турғун улгуржи ёки чакана савдо шохобчасига эга бўлган юридик шахсларга, шунингдек махсус истеъмолчиларга, давлат таъминоти муассасаларига, давлат таъминоти муассасаларини таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган савдо фирмаларига ва товарлардан ўз ишлаб чиқариш фаолияти учун фойдаланувчи корхоналарга фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилган ҳолда улгуржи сотилади;
жисмоний шахсларга товарлар улар юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтказилган ва турғун чакана савдо қилиш учун шарт-шароитлар мавжуд бўлган тақдирда майда туркумлар билан нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилган ҳолда улгуржи сотилади;
товарларни улгуржи савдо корхоналаридан, шунингдек улгуржи-чакана савдо корхоналарининг бевосита улгуржи савдо базалари ва омборларидан чакана сотишга йўл қўйилмайди;
улгуржи-чакана савдо корхоналари товарларни белгиланган намунадаги касса аппаратлари билан жиҳозланган ўзларининг турғун чакана савдо шохобчаси орқали сотиш ҳуқуқига эга бўладилар;
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, чакана савдо корхоналари товарларни улгуржи сотиш, шу жумладан нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилган ҳолда сотиш ҳуқуқига эга эмаслар;
истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган товарларни ўз дўконлари орқали фақат белгиланган намунадаги назорат-касса аппаратларидан фойдаланган ҳолда чакана, нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилган ҳолда эса майда улгуржи сотишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирлар Маҳкамасининг Истеъмол бозори комплекси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда:
товарларни майда улгуржи сотиш тартиби ва нормативларини;
улгуржи бозорларда юридик шахслар ва якка тартибда савдо фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар томонидан товарларни улгуржи ва майда улгуржи сотиш тартибини, бунда товарларни майда улгуржи сотиш билан якка тартибда шуғулланувчи жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказиш, уларга солиқ солиш, улгуржи ва майда улгуржи операциялардан олинадиган тушумни ҳисобга олиш ва топшириш хусусиятларини назарда тутган ҳолда, икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда:
чакана ва улгуржи савдо бозорларини озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари йўналишлари бўйича ажратиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ҳамма жойда касса аппаратлари ўрнатишни ва улардан фойдаланишни назарда тутган ҳолда улгуржи буюм бозорларида товарларни улгуржи ва майда улгуржи сотиш билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг товарлари айланишини ҳисобга олиш учун шарт-шароитлар яратиш;
ваколатли тижорат банклари билан биргаликда улгуржи бозорларда товарларни улгуржи ва майда улгуржи сотишдан юридик ва жисмоний шахслар томонидан олинадиган нақд пул тушумини қабул қилиш пунктлари ташкил этиш чора-тадбирларини кўрсинлар.
5. Мазкур қарорда кўрсатилган чора-тадбирларга риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик Давлат солиқ қўмитаси ва ҳудудий солиқ органларининг биринчи раҳбарларига юклансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари М.З. Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 19 март,
125-сон
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 3-сон, 14-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 20-сон, 187-модда; 2006 й., 20-21-сон, 181-модда; 2011 й., 17-сон, 170-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.03.2019 й., 09/19/201/2731-сон, 23.11.2019 й., 09/19/943/4066-сон, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)