Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси саъй-ҳаракатларни 2013 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрлари сўзсиз ижро этилишига, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсиши таъминланишига йўналтирсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2013 йил 26 ноябрь,
781-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й., 11-сон, 307-модда)