Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан бажариладиган геодезия ва картография иш турларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида
Кейинги таҳрирга қаранг.
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 21 октябрда 2721-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикасининг «Геодезия ва картография тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 14 ноябрдаги 510-сон «Геодезия ва картография фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳамда 2004 йил 19 октябрдаги 483-сон «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан бажариладиган геодезия ва картография иш турларининг рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис С. АРАБОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 14 сентябрь,
32-сон
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2015 йил 11 сентябрдаги 32-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан бажариладиган геодезия ва картография иш турларининг
РЎЙХАТИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан қуйидаги давлат аҳамиятига молик геодезия ва картография ишлари бажарилади:
а) Ер шаклининг ва ташқи гравитация майдонининг параметрларини аниқлаш:
давлат гравиметрик пунктларида оғирлик кучи тезланишининг абсолют (нисбий) қийматларини аниқлаш бўйича гравиметрия ишлари;
геодезия пунктларида кенглик, узунлик ва азимутни астрономик аниқлаш ишлари;
б) Давлат топография хариталари ва режаларини график, рақамли, фотографик ва бошқа шаклларда яратиш, янгилаб туриш ва нашр қилиш:
аэрофотосъёмка асбоблари ёрдамида учиш аппаратларидан жойнинг фотографик тасвирини олиш бўйича аэрофотосъёмка ишлари;
1:10 000, 1:25 000 масштабларда топографик съёмка ишлари;
1:10 000, 1:25 000, 1:50 000, 1:100 000, 1:200 000, 1:500 000, 1:1 000 000 масштабларда давлат топографик хариталарини қонун ҳужжатларида белгиланган даврийлик билан янгилаш ишлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
турли масштаблардаги давлат рақамли топографик хариталари ва режаларини ишлаб чиқиш ишлари;
турли масштаблардаги давлат рақамли топографик хариталари ва режаларини қонун ҳужжатларида белгиланган даврийлик билан янгилаш ишлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
турли масштаблардаги давлат топографик хариталарини компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда нашрга тайёрлаш ишлари;
турли масштаблардаги давлат топографик хариталарининг мажбурий тиражини полиграфик ёки бошқа кўпайтириш воситаларидан фойдаланган ҳолда нашр этиш;
в) Давлат геодезия ва нивелир тармоқларини яратиш, ривожлантириш ва иш ҳолатида сақлаб туриш:
референц геодезия пунктларидан, юқори аниқликдаги (0-класс, 1-класс) геодезия пунктларидан ташкил топган давлат йўлдош геодезияси тармоғини ташкил қилиш ишлари;
давлат режали геодезия тармоғини 3 ва 4-класслар, 1 ва 2-разрядлар йўлдош геодезияси тармоқларидан, 4-класс, 1 ва 2-разрядлар полигонометрик тармоқлардан ташкил топган геодезия зичлаш тармоқларини тузиш орқали ривожлантириш ишлари;
режали ва баландлик давлат геодезия тармоғининг ва зичлаш тармоқларининг пунктларини тадқиқ этиш ва тиклаш ишлари;
стационар (доимий амал қилувчи) базавий дифференциал йўлдош геодезияси станциялари тармоғини ташкил қилиш, станцияларда йўлдош сигналларини қабул қилиш, уларга ишлов бериш ва мобиль станцияларининг қабул қилувчи қурилмаларига тарқатиш ишлари;
1 ва 2-класслар давлат нивелир тармоғи ҳамда 3 ва 4-класслар баландлик зичлаш тармоқлари пунктларининг баландликларини аниқлаш бўйича нивелир ишлари, шу жумладан илгари ўтказилган нивелировкаларни тартибга солувчи ҳужжатларда белгиланган интерваллар билан 1 ва 2-класслар такрорий нивелирлаш ишлари;
г) Ерни масофадан туриб зондлаш ва геодинамик тадқиқ этиш:
объектларнинг фазовий маълумотларини ер усти, ҳаво ёки космик жойлашувдаги съёмка аппаратураси ёрдамида махсус жиҳозланган станцияларга қабул қилиш, маълумотларни картографик мақсадларда ишлаш, сақлаш ва қўллаш ишлари;
геодинамик ва техноген полигонлар пунктларида юқори аниқликдаги (1-класс) йўлдош ўлчовларини бажариш, ўлчовлар натижалари бўйича Ер қобиғининг ҳозирги горизонтал ва вертикал ҳаракатларини тадқиқ қилиш ишлари;
д) Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фондини шакллантириш ва уни бошқариш ишлари:
Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фонди томонидан геодезия ва картография фаолиятини амалга оширишда бажарилган геодезия ҳамда картографик материаллар ва маълумотларни ҳисобга олиш, сақлаш ҳамда фойдаланиш учун тақдим этиш ишлари;
е) географик ахборот тизимларини яратиш ва уни бошқариш:
миллий географик ахборот тизимини ташкил этиш ва юритиш ишлари;
идоралараро, минтақавий географик ахборот тизимларини ташкил этиш ва юритиш ишлари;
ж) умумий географик, сиёсий-маъмурий, илмий-ахборот берадиган ва бошқа тармоқлараро аҳамиятга молик тематик хариталар ва атласлар, ўқув картография қўлланмалари тузиш ва нашр қилиш ишлари:
тармоқлараро аҳамиятга молик турли тематик хариталар ва атласларни, ўқув картография қўлланмаларини яратишда таҳрирлаш-тайёрлаш ишлари;
тармоқлараро аҳамиятга молик турли тематик ва ўқув хариталарининг асл нусхаларини компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда тузиш ва расмийлаштириш ишлари;
давлат, минтақавий ва тармоқлараро аҳамиятга молик турли тематик атласларни, ўқув атласларини компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда тузиш ва расмийлаштириш ишлари;
тармоқлараро аҳамиятга молик турли тематик хариталар ва атласларнинг, ўқув хариталарининг нашр этилган асл нусхаларини компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда тайёрлаш ишлари;
з) Ўзбекистон Республикасининг давлат чегаралари (кейинги ўринларда Давлат чегараси деб юритилади) делимитация, демаркация қилинишини ва давлат чегараси чизиғининг ўтиши текширилишини геодезия, топография, картография ва гидрография жиҳатидан таъминлаш ишлари:
Давлат чегарасига туташ минтақа учун қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган Ҳукумат делегацияси томонидан белгиланадиган масштабларда делимитацион (демаркацион) хариталар яратиш бўйича топография-геодезия ишлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат чегарасига туташ минтақага топографик хариталар (фотопланлар, фотосхемалар) тузиш учун аэрофотосъёмка ишлари (Ҳукумат делегациясининг топшириғи бўйича);
Давлат чегараси минтақасида геодезия тармоқ пунктларини текшириш, уларнинг сақланишини ва бўлғуси топография-геодезия ишларини ўтказиш учун улардан фойдаланиш имкониятини текшириш ишлари;
дарёларда (кўлларда, сув омборларида) уларнинг Давлат чегараси чизиғининг ўтишини белгиловчи ўртасини (створини) сув сирти бўйлаб аниқлаш ва белгилар билан маҳкамлаш бўйича гидрография ишлари;
Давлатлараро комиссия томонидан белгиланган конструкциядаги чегара белгиларини тайёрлаш ва чегара белгилари билан Давлат чегараси чизиғини мустаҳкамлаш ишлари;
чегара белгиларининг координаталарини Ҳукумат делегацияси томонидан белгиланган аниқликда йўлдошли ўлчовлар услуби билан белгилаш ишлари;
чегара белгиларининг координаталари каталогини тузиш;
чегара белгилари протоколларини Ҳукумат делегацияси томонидан белгиланган намунада тузиш ишлари;
маълумотларни тўплаш ва Давлат чегараси минтақасида жойлашган географик объектларнинг номлари рўйхатини тузиш;
Давлат чегараси чизиғини таърифлаш баённомасини тегишли намунадаги ҳужжатни тўлдириб, Ҳукумат делегацияси томонидан белгиланадиган масштаблар топографик хариталари варақларида Давлат чегарасининг ўтиш чизиғини ҳамда чегара белгилари ўрнашган жойларни тасвирлаб график иловани яратган ҳолда тузиш ишлари;
и) геодезия, топография ва картография ишларини метрология жиҳатидан таъминлаш ишлари:
давлат аҳамиятига молик геодезия, топография ва картография ишларини бажаришда ўлчовлар бирлиги ҳамда талаб қилинадиган аниқликка эришиш мақсадида илмий-техник ва ташкилий асосларни, техник воситаларни, қоидалар ҳамда нормаларни белгилаш ва қўллаш ишлари;
эталон базисни — геодезия ва топография ишларининг бажарилишини метрологик таъминлаш учун узунлик эталонини яратиш ҳамда иш ҳолатида сақлаш;
к) географик объектларнинг номларини белгилаш, нормаллаштириш, давлат рўйхатидан ўтказиш, улардан фойдаланиш ва уларни сақлаш ишлари:
географик объект номи, шунингдек уни бериш ёки қайта номлаш жараёнининг ҳамда уларни қўллаш даражасининг ва кейинчалик нормаллаштириш заруриятининг Ўзбекистон Республикасининг географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини текшириш ишлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
географик объектларнинг номларини нормаллаштириш ишлари;
географик объектларнинг номларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш шаклини тузиш ишлари;
географик объектларнинг номлари тўғрисидаги маълумотларни Географик объектлар номларининг давлат реестри маълумотлар базасига киритиш ишлари;
географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш ишлари;
географик объектларнинг нормаллаштирилган номларини давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари;
географик объектларнинг номларини ҳисобга олиш ишлари;
Географик объектлар номларининг давлат реестри маълумотларини қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланувчиларга тақдим этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
л) геодезия ва картография техникасини кўплаб ишлаб чиқаришни ташкил этиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан «Геодезия ва картография тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ махсус аҳамиятга молик геодезия ва картография ишлари бажарилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур Рўйхатда назарда тутилган ишларнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 14 ноябрдаги 510-сон қарори билан тасдиқланган Геодезия ва картография фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг 1-иловасида кўрсатилган давлат аҳамиятига молик геодезия ва картография ишларига киритилган қисми тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан ҳам бажарилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мазкур Рўйхат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
2015 йил 11 сентябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 42-сон, 547-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 20.10.2021 й., 10/21/2721-1/0982-сон; 12.06.2023 й., 10/23/2721-2/0351-сон; 21.01.2026 й., 10/26/2721-3/0062-сон)