Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2013 йил биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 86,7 млрд cўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
макроиқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланишини, иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсиши ва унинг рақобатбардошлилиги оширилишини таъминлаш;
ишлаб чиқаришни модернизация қилишга, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган стратегик аҳамиятга молик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
ишлаб чиқариш, экспорт тузилмаси диверсификация қилинишини таъминлаш, шунингдек иқтисодиётни ва унинг етакчи тармоқларини янгилаш;
фаол инвестиция сиёсатини ўтказиш ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш;
йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш;
банк тизимининг ресурслар базасини кўпайтириш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини кучайтириш;
ижтимоий соҳа ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун харажатларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш;
солиқ тушумлари механизмини янада мақбуллаштириш ва такомиллаштириш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳамда бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш;
«Обод турмуш йили» Давлат дастурини амалга ошириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, касаначиликнинг турли шаклларини кенгайтириш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳисобига 2013 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини бажариш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлашга, шунингдек бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришга, солиқ базасини ва минтақаларнинг молиявий салоҳиятини кенгайтириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетлар харажатларининг тўлиқ молиялаштирилишини таъминлашга қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2013 йил 19 июнь,
677-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й., 6-сон, 144-модда)