самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокимининг
Қарори
Каттақўрғон туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси 1998 й., 5-6-сон, 97-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 34-сон, 333-модда) ижросини таъминлаш ҳамда Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг 2015 йил 8 сентябрдаги 269-сонли хатини кўриб чиқиб, туман ҳудудида жойлашган корхоналарда иш ўринларини энг кам миқдорини белгилаш юзасидан берилган таклифларни инобатга олиб қарор қиламан :
1. Туман ҳудудида жойлашган, ишлаётган ходимларнинг ўртача сони 20 нафардан ортиқ бўлган корхона, ташкилот, муассасаларда 2016 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларини энг кам миқдори, шу жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда 14 ёшгача ва ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун 26,5 % ( 131 киши);
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилар учун 44,6 % (223 киши);
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 9 % (45 киши);
ногиронлар учун 3 % (14 киши);
туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган, пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 1 % (5 киши);
одам савдосидан жабрланганлар учун 5,6 % (27 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун 10,3 % (51 киши) миқдорида иш ўринлари заҳираси белгилансин.
2. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда кийналаётган шахслар учун иш жойларининг кўрсатиб ўтилган миқдорини Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низом»га мувофиқ белгиланган муддатларда ва тартибда яратилишини (ажратилишини ёки банд этиб қўйилишини) ҳамда иш жойлари санитария-гигиена нормаларига ва ходим ўз мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисидаги Низом»га асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларининг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
4. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (Н. Шакаров) бир ҳафта муддатда мазкур қарорни тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига етказсин ҳамда унинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласин.
5. Туман ҳокимининг 2013 йил 30 сентябрдаги 635-Қ-сонли қарори 2015 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Ушбу қарор ижросининг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ф. Садриддинов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким С. АЗИМОВ
Каттақўрғон т.,
2015 йил 22 сентябрь,
635-қ-сон