Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги «Барча режа ва дастурларимиз Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади» мавзуидаги маърузаси бўйича
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган, 2011 йил 21 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги «Барча режа ва дастурларимиз Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади» мавзуидаги маърузасини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш дастурини изчил рўёбга чиқариш, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг юксак ўсиш суръатлари ва барқарорлиги, муваффақиятли тузилмавий ўзгаришлар, молия-банк тизимининг ишончлилиги Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлининг тўғрилигидан далолат беради. Ўзбекистоннинг аҳолини ижтимоий жиҳатдан ишончли қўллаб-қувватлашни уйғунлаштирган ҳолда мамлакатимизни модернизация қилиш йўлидан янада олға силжишини бутун аҳоли маъқулламоқда ва бу йўл жаҳон жамоатчилигининг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни самарали бажариш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таклиф этилган мамлакатимизни ривожлантириш стратегиясини ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган, 2011 йил 21 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги «Барча режа ва дастурларимиз Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади» мавзуидаги маърузасида баён этилган асосий қоидалар ва хулосалар маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгиланган мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўз қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти режаларида ҳисобга олсин;
тадбирларни ўтказишда ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишга, 2011 йил Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан белгиланган дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш борасида юксак даражага эришишга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг депутатлар гуруҳига ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2011 йил 21 январдаги ҳукумат мажлисида сўзлаган маърузасининг энг муҳим қоидаларига асосланиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш давомида, шунингдек мамлакатимиз минтақаларидаги бошқа тадбирларда иштирок этганда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳада эришган ютуқлари тўғрисида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси якунларидан келиб чиқувчи асосий вазифалар ҳақида Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг партия гуруҳлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда кенг тушунтириш ишларини олиб борсинлар.
5. Ушбу қарорнинг бажарилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2011 йил 27 январь,
240-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 й., 1-сон, 3-модда)